11 ноябр куни Божхона қўмитаси телефонларнинг IMEI коди билан боғлиқ муаммолар юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

Қўмита бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжоновнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мобил қурилмаларни қонуний импорт қилиш ҳажми сезиларли ошган:

  • 2024 йилда 12 мингта мобил қурилма расман олиб кирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 533 мингтага етган;

  • 533 мингта мобил қурилмадан 452 мингтаси божхона юк декларацияси орқали, қолган қисми эса йўловчилар томонидан божхона кирим ордери асосида расмийлаштирилган.

Бироқ мобил қурилмаларни ноқонуний олиб киришнинг мураккаб схемалари ҳамон сақланиб қолмоқда.

«Мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш, хусусан, IMEI 1 ёки IMEI 2 кодлари битта қурилмага тегишли эканини ҳамда ушбу кодлар бўйича аввал тармоқ ҳодисаси содир бўлганини аниқлаш махсус билим ва ихтисослик талаб қилади. Бугунги кунда божхона идораларида мавжуд қурилмалар ёки ахборот тизими имкониятлари билан буни аниқлаш имконияти деярли йўқ», — деди қўмита вакили.

Олимжоновнинг тушунтиришича, божхона органларининг асосий вазифаси — чегарадан олиб ўтилаётган товарларнинг божхона тўловларига таъсир қилувчи хусусиятларини текширишдан иборат. Мобил қурилмаларнинг IMEI рақамлари ҳақиқийлигини аниқлаш эса божхона органларига бевосита юклатилмаган.

Юзага келган вазиятни ҳал қилиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, хавф даражаси юқори деб баҳоланган шахслар томонидан олиб кирилаётган мобил қурилмаларни текширишга ихтисослашган мутахассислар жалб этилмоқда.

Божхоначига кўра, бу чоралар жисмоний шахслар учун белгиланган божсиз олиб кириш меъёрларини бекор қилиш ёки чеклашни англатмайди.

«Фақатгина мазкур имтиёз доирасида божхона тўловларини тўлашдан бўйин товламоқчи бўлган, хавф даражаси юқори бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб кирилган мобил қурилмалар идентификацияси учун ушбу йўналишдаги мутахассисларни жалб этишга эҳтиёж пайдо бўлди», — деди у.

Шунингдек, 11 ноябрдан мобил қурилмаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёни қайта тиклангани маълум қилинди.

Қўмита вакили чегарада декларацияларни расмийлаштириш жараёнлари ҳам соддалаштирилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2026 йил август ойида ишга туширилган мобил илова орқали электрон декларацияларнинг 70 фоиздан ортиғи инсон омилисиз расмийлаштирилмоқда. Натижада илгари ўртача 20 дақиқа вақт олган жараён бир дақиқагача қисқарган.