Ўзбекистон | 18:00 / 01.12.2019
2832
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон билан ҳамкорликда «Технологик хаб» ташкил этилади

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Ҳиндистонга ташриф давомида Гужарат штатидаги «iCreate» (International centre for entrepreneurship and technology) ҳамда стартапларни ривожлантириш билан шуғулланувчи DevX компаниялари билан танишди. Илғор технологиялар маркази ҳамда Ҳиндистоннинг iCreate, шунингдек, DevX компаниялари ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Келишувга кўра, бир қатор қўшма стартап лойиҳаларини ўзида бирлаштирувчи «Технологик хаб» ташкил этилади.

«Технологик хаб» стартап лойиҳалари муаллиф ва ижрочиларини, стартап бўйича мутахассисларни жамлашга қаратилади. Унда мавзулар бўйича оммавий тадбирлар, маърузалар, семинарлар, конференциялар, шунингдек, илм-фан ва инновацияларни тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказилади.

Кўпгина ривожланган мамлакатлардаги бундай хаблар таълим олиш ва тажриба алмашиш учун шундай зўр майдонга айланганки, улар университетларда берилган билимларни ишлаб чиқаришга жорий қилишга, амалда синашга ёрдам беради.

Шунингдек, тадқиқотлар ва инновациялар соҳасида икки мамлакат стартаплари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилади. Ўзбекистонда ташкил этилган стартап компаниялари Ҳиндистонга ўз технологияларини трансфер қилиш имкониятига эга бўладилар. Ҳинд технологик стартаплари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари Ўзбекистонга келиб, инновациялар учун яратилган шароитлар билан танишадилар.

Инновациялар ва стартап экотизимини ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибалар билан алмашиш, инсон капиталини такомиллаштириш ҳамкорликнинг бош мақсадидир. Шунингдек, икки давлат илмий жамоатчилиги ўртасида мулоқотни кенгайтириш, турли соҳаларда қўшма тадқиқотлар олиб борилишига қаратилган лойиҳалар ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид