7 октябр куни Тошкентда Жаҳон пахта кунига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Жаҳон савдо ташкилоти, Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ICAC) расмийлари ҳамда 30 дан ортиқ давлатдан соҳа мутахассислари иштирок этди. Kun.uz мухбири конференция доирасидаги муҳокамаларни кузатди.

Жаҳон пахта куни 2019 йилда Африкадаги тўртта пахтакор давлат — Бенин, Буркина-Фасо, Мали ва Чад ташаббуси билан жорий этилган бўлиб, ҳар йили 7 октябрда Жаҳон савдо ташкилоти ва БМТ кўмагида нишонланади. Асосий тадбир 2024 йилда Бенинда, 2025 йилда Италияда ўтган. Бу йил конференция илк марта Марказий Осиёда ўтди: 2025 йил ноябрида президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғида вазир Абдураҳмонов ва Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ICAC) ижрочи директори Эрик Трахтенберг билан 2026 йилги тадбирни Ўзбекистонда ўтказишга келишган.

Ўзбекистон учун бу кун алоҳида маънога эга. Анжуманда намойиш этилган расмий видеороликда айтилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилда Ўзбекистондаги пахта теримида тизимли мажбурий меҳнат тугатилганини эътибор этган, 2022 йил 10 мартда эса Cotton Campaign коалицияси ўзбек пахтасига қарши бойкотни расман бекор қилган. Шундан кейин Ўзбекистон ўз пахтасини халқаро майдонда яна эркин сота бошлади.

Вазир “5D” деганда нимани назарда тутди?

Иброҳим Абдураҳмонов / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, биология фанлари доктори Иброҳим Абдураҳмонов нутқининг асосий қисмини “5D” деб атаган тамойилларга бағишлади — инглизча diversify, doable, design, discipline, durable сўзларининг бош ҳарфлари. Яъни навлар ва технологияларни хилма-хил қилиш, қоидаларни фермер бажара оладиган даражада соддалаштириш, далани аниқ схема бўйича режалаштириш, интизом ва барқарорлик.

Вазирнинг айтишича, иқлим тез ўзгараётгани учун битта нав ва битта усулда қолиб бўлмайди, шунинг учун Ўзбекистон дунёнинг турли селекция марказларидан навларни келтириб синаган ва мослаштирган. “Биз ҳар қандай агротехнологияга очиқмиз”, деди Абдураҳмонов.

Унинг сўзларига кўра, пахтачиликдаги технологияларнинг кўпи фермер учун мураккаб бўлгани сабабли қўлланмай қолади, шу сабабли иккинчи тамойил — бажарса бўладиган соддалик. Масалан, ғўзанинг бўйи ҳақидаги қоидани вазир шундай тушунтирди: