18:51 / 06.12.2019
0
18624

Ўзбекистонда цемент заводлари сони яна биттага кўпайди

Фото: Ўзсаноатқурилишматериаллари

Бугун мамлакатимиз бўйлаб улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда барча қурилиш маҳсулотлари қаторида цементга бўлган талаб ҳам янада ошмоқда. Мавжуд талабни қондириш бўйича бугунги кунда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, босқичма-босқич янги қувватлар ишга туширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 6 декабр куни «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси масъуллиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва АТ «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида янги цемент заводи фойдаланишга топширилди. Тантанали маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, мутасадди ташкилот вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

«Жомбой яшил чироқлари» МЧЖ томонидан амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 9 млн. 195 минг АҚШ доллари. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилиги 100 минг тоннани ташкил этади. Ускуналар замонавий, энергия тежамкор бўлиб, Хитой Халқ Республикасидан келтирилган. Мазкур корхонани қуриш ишлари 1 йил давомида олиб борилди. Эндиликда корхона ишга тушиши натижасида цемент ва цемент асосида бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ошади, янги иш ўринлари яратилади. Хусусан, 100 га яқин самарқандлик ёшлар иш билан таъминланади.

Айни кунда Республикамизда жами 25 та цемент заводлари фаолият олиб бораётган бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 13 млн 780 минг тоннани ташкил этади. Жорий йилнинг ўзида жами 9 та: Самарқанд вилоятида 3 та, Фарғона вилоятида 2 та, Сурхондарё, Жиззах, Наманган ва Корақалпоғистон Республикасида 1 та цемент заводлари фойдаланишга топширилди. Булар «Қорақалпоқцемент» МЧЖ, «Сурхон цемент инвест» ХК, «Dal Teknik Zomin Sement and Lime» МЧЖ, «Шўрсувцемент» МЧЖ, «Marokand kabel invest» МЧЖ, «Indigo Sand Trade» МЧЖ, «Turon Eco Cement Group» МЧЖ, «Наманганцемент» МЧЖ ҳамда «Жомбой яшил чироқлари» МЧЖлари.

Мамлакатимизда цементга бўлган талабани тўлақонли қондириш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, янги қувватларни ишга тушуриш борасида уюшма томонидан кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Жумладан, режага кўра 2020 йилда жами 13 та янги цемент заводлари фойдаланишга топширилади. Натижада цемент ишлаб чиқариш қуввати йилига 4 млн 700 минг тоннага ортади.

2020 йилда амалга ошириладиган энг йирик лойиҳалардан бири «Оҳангаронцемент» АЖда амалга оширилади. Бу ерда йиллик қуввати 3 млн. тоннани ташкил этувчи янги цемент завод ишга туширилади. Шунингдек, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида йиллик қуввати 1,2 млн тонна бўлган янги корхоналар барпо этилади.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси
Матбуот хизмати

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top