Жорий йилнинг 12  июль куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида мамлакатимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси  билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шу йил 9 июнда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси муҳокама этилди.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шаҳар ва туманларда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шу жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги ҳамда маҳаллий маҳсулотлар тури ва ҳажмини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада, сўнгги тўрт йил ичида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоизга, шу жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби саноатнинг ҳудудларда жадал ривожланаётган тармоқлари 1,3 баробардан кўпроқ ўсди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида қайд этилганидек, тармоқда ислоҳотлар кутилган самарани бермаяпти, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда ҳудудларнинг саноат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Бизнес-форум ишида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов фармонга кўра, маҳаллий саноат тармоқларини ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган янги яхлит тизим жорий этилаётгани, бунинг учун «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилингани ҳамда мазкур тармоқда лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қатор имзиёзлар берилаётганини таъкидлади.

Фармонга биноан “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Бошқарув раиси С.Аннакличев бир пайтнинг ўзида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси вазифасини ҳам бажариши белгиланди.

  

Шу боис Банк раҳбарияти томонидан соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашиш мақсадида янада фаол ишлар олиб борилмоқда.