Жамият | 16:00 / 20.12.2019
3258
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллийлаштириш дастури бўйича Хоразм вилоятида янги корхона ўз фаолиятини бошлади

Фото: Ўзсаноатқурилишматериаллари

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4302-сонли қарорига асосан импорти юқори бўлган, ўзлаштиришга тавсия қилинган 99 та маҳсулот рўйхати шакллантирилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу рўйхатга 5 та қурилиш материаллари ҳам киритилган. Булар гулқоғозлар ва шунга ўхшаш девор қопламалари, қурилиш аралашмалари ёки бетонлар учун тайёр қўшимчалар, керамогранит, сантехника маҳсулотлари учун смесителлар, ёғоч-толали плиталар (ДСП, МДФ). Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан аниқ режалар, бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Хусусан, 2020-2021 йилларда гулқоғозлар бўйича умумий қиймати 16 млн. 300 минг доллар бўлган 3 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Инвестиция лойиҳалари амалга оширилгач гулқоғозларга бўлган талаб тўла қондирилади, яъни ишлаб чиқариш қуввати 6 млн. 600 минг рулонга етказилади.

Куни кеча Хоразм вилоятида деворбоп гулқоғозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона ўз фаолиятини бошлади. Хоразм вилояти ҳокимлиги ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида маҳаллийлаштириш дастурига кўра янги лойиҳа амалга оширилди. «NEW BEST STYL»  МЧЖнинг гулқоғоз ишлаб чиқариш йиллик қуввати 700 минг рулонни ташкил этади. Корхона босқичма-босқич ишлаб чиқариш қувватларини ошириб боради. Хусусан, 2020 йили умумий қиймати 6 млрд. 830 млн. сўмлик бўлган 490 минг рулон маҳсулот тайёрланса, шундан 147 минг рулони экспорт қилинади. Натижада, маҳаллийлаштириш даражаси 38,39 фоизни ташкил этади.

Режага кўра, 2021 йилда 560 минг рулон гулқоғозлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, 168 минг рулон тайёр маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. Корхона энергиятежамкор, замонавий технологиялар билан жихозланган. Эътиборлиси, бу ерда 40 нафардан ортиқ хоразмлик ёшлар доимий иш билан таъминланди. 

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси
Матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид