Ўзбекистон | 15:50 / 23.12.2019
15340
2 дақиқада ўқилади

Декабрь ойида 15 нафар ички ишлар органи ходими ишдан бўшатилди

13 декабрь. Самарқандда ўтган йиғилишда 8 ходим ишдан олинган

Ички ишлар вазирлиги томонидан соҳа фаолияти натижадорлигини ошириш мақсадида 2019 йилнинг декабрь ойи давомида 8та ҳудудий бошқармада тезкор йиғилишлар ўтказилди.

Ушбу йиғилишлар давомида хизмат фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган 15 нафар ходим ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотига кўра, 27 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб бошқа ишга ўтказилган; 6 нафар ходимнинг махсус унвони бир поғона пасайтирилган; 30 нафар ходимга қаттиқ ҳайфсан, ҳайфсан ва танбеҳ берилган; 91 нафар ходимга нисбатан интизомий жазога тортилиши ҳақида тегишли таклиф киритилиб, 363 нафар ходим интизомий жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Шу билан бирга, ўз хизмат бурчини масъулият билан ситқидилдан, ҳалол бажараётган, ижобий натижаларга эришган 5 нафар ходимни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритилган.

«Ўтказилган йиғилишларда раҳбарият томонидан қуйи тизимларида хизмат олиб борувчи барча ходимларга берилган топшириқлар бирма-бир тушунтирилиб, ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди», – дейилади Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид