Бу кунда футбол ўйнаш Англияда одат тусига кирган, ҳар йилнинг сўнгги ҳафтасига АПЛ бир эмас, бир нечта тур ўйинларини сиғдириб, мухлисларга ўзига хос байрам совға қилади.
BOXING ЭМАС, BOX
Boxing Day тушунчаси футбол оламида баъзан бироз нотўғри тушунилади. Йилнинг сўнгги ўн кунлигида Англияда бир неча тур ўтказилишини эътиборга олиб, кўпчиликда, бу термин ҳақида бироз нотўғри фикр шаклланган.
Аслида бу терминнинг илдизи Boxing, яъни «бокс» эмас, «The Box» яъни «қути» маъносини англатади. Тарихда Christmas (25 декабрь) байрамининг эртасида зодагонлар ўз хизматкорларига дам олиш имконини беришган ва уларга қутида совға улашилган. Бу куннинг алоҳида байрамга айланиши айнан ўша одатга асосланади, кейинчалик, бу кунда инглизлар бир-бирларига қутиларда совға беришга одатланишди.
Бир неча спорт турларида, хусусан футболда ҳам 26 декабрда футбол ўйинларини ўтказиш урфга кирди ва ҳар йили бу санада ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар тур ўйинлари ўтказиладиган бўлди. Шунинг учун ҳам, кўпинча чемпионатнинг 18-19 турларига тўғри келадиган бу кунга алоҳида эътибор бериладиган бўлди ва алоҳида ҳисоб-китоблар юритилиши мухлислар учун қизиқдир.
Албатта, биратўла ўша сўнгги ўн кунликни эътиборга олиб, «Боксинг Дэй»ни умумий қилиб, 3-4 тур деб тушунилиши у қадар зарар эмас. Филологияда ҳам бутунни қисм билан ифодалаш қоидалари бор, масалан. Таҳлилчилар, журналистлар кетма-кет ўтказиладиган мана шу турларни умумий маънода мана шу атама билан номлашлари тушуниш учун ҳам, бу кунларнинг ўзига хослиги нуқтайи назаридан ҳам у қадар нотўғри туюлмайди.
ФУТБОЛ БИЛАН ТЕНГДОШ BOXING DAY
Яна бир қизиқ тарафи - футболдаги Boxing Day тушунчаси, қайсидир маънода футбол ўйини билан ҳам тенгдошдир. 1860 йилнинг айнан 26 декабрида футбол тарихида илк футбол учрашуви сифатида қайд этиш мумкин бўлган ўйин бўлиб ўтганди.
1855 йилда «Шеффилд» крикет жамоаси аъзолари футбол тўгарагини ташкил қилишади, бироз ўтиб эса, футбол тарихидаги илк футбол клуби – ФК «Шеффилд»га асос солинади. Аввалига жамоа аъзолари фақат ўзаро ўйнаб юришади. Доим қандайдир асосда футболчилар иккига бўлинар, гоҳ бўйдоқларга қарши уйланганлар, гоҳ малла сочлиларга қарши қора сочлилар куч синашишарди.
1860 йилнинг сентябрида Шеффилд яқинида яна бир футбол клуби «Ҳаллам» ташкил этилади. Жамоалар Christmas байрамининг эртасига ўзаро ўйин ўтказишни келишади. Шу тариқа, футбол тарихидаги энг кўҳна дерби – Rules дербиси ташкил топади. Учрашувда тажрибалироқ «Шеффилд» футболчилари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

















