Жаҳонгир Маҳкамов 15 ёшидан бери электр-монтаж йўналишида ишлайди. Ўз йўналиши бўйича турли корхоналарда, цехларда турли вазифаларни бажарган; 2009 йилдан бери эса Сирдарё вилояти «Йўлрефтранс» АЖда электр-механик сифатида фаолият юритмоқда.

«Электр-механика – менга ота касб. Дадам ҳам шу соҳада фаолият юритгани учун болалигимдан менда ҳам шу йўналишга қизиқиш бўлган. Ҳозир ишлаётган ташкилотимга ҳам дадам билан бирга келганман», - дейди Жаҳонгир Маҳкамов.

Унинг айтишича, ишлаётган корхонасидаги тажриба унга электр билан боғлиқ йўналишни яхши тушуниб олишига катта ёрдам берган.

«Бошида ҳар хил генераторларни бузиб, ички қисмларини ўргандим. Турли тажрибалар ўтказдим. Кўп нарса ўхшамаган.

Лекин ҳозир электроника, электр монтаж йўналишида электродвигателлар, трансформаторлар, аммумуляторлар бўйича ишланмалар устида муваффақиятли ишлаяпман», – дейди муҳандис.

«Олий маълумот олишга вақтимни қизғанаман... »

Жаҳонгир Маҳкамовнинг айтишича, мактабда унча яхши ўқимаган бўлса-да, ўқувчилик пайтлариданоқ ток билан ишлашга қизиқиши туфайли кичик ихтиролар қилишни бошлаган.

«Анча эрта ишлай бошлаганим туфайли даставвал олий маълумот олишга унча қизиқмаганман. Кейинроқ айрим ОТМлардан таклифлар ҳам тушди. Масалан, Тошкент давлат техника университетида бир неча ой ўқидим. Лекин вақтим бўлмагани учун ўқишни охиригача етказа олмадим.

Қизиқишим орқасидан вақт чегаралангандай туюлади. Агар ҳозир 31 ёшда бўлсам, 16 йил умрим қанақа қилиб техникалар орасида кўз очиб юмгунча ўтганини сезмаганман.

Лекин ҳалигача ясашим мумкин бўлган нарсаларни ўйлаб кечалари ҳам ухлолмайман. Ҳали менга маълум бўлмаган нарсалар кўп, уларнинг охирига етиш учун ҳаракат қиламан», - дейди у.

«Бутун Ўзбекистонни ток билан таъминлаш имкони бор...»