Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда мева-сабзавотлар экспорти масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Мева-сабзавот экинларини экспорт талабидан келиб чиқиб оптимал жойлаштириш, салоҳиятли ташқи бозорларда савдо уйлари ва дилерлик тармоқларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Ихтисослашган 55та туманда мева-сабзавотлар ишлаб чиқаришни кластер шаклига ўтказиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
«Ўзстандарт» агентлигига ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 155та фермер хўжалигида «Global G.A.P.» халқаро стандартини жорий этиш, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорлар талабларига мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Экспорт фаолияти жозибадорлигини ошириш учун экспорт ва экспортолди молиялаштириш тизимини ташкил этиш, ташиш харажатларини қоплаш механизмини кенгайтириш борасида чора-тадбирлар белгиланди.
Видеоселектор йиғилишида инвестицияларни жалб этиш масалалари таҳлил қилинди.
«Ўтган йили барча манбалар ҳисобидан ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 30 фоизини тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ташкил этди. Саноати ривожланмаган, олис туманларга ҳам катта инвестициялар кириб борди. Умумий қиймати 5,4 миллиард доллар бўлган 145та тармоқ ва 167та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилди.
Жорий йилдан бошлаб Инвестиция дастурлари янги тизим асосида ишлаб чиқилди. 2020 йил учун 1569та хусусий ва тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Мазкур дастурга асосан шу йилда 233 триллион 200 миллиард сўм, жумладан 7,1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши кўзда тутилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарлари бу борада амалга ошириши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Тегишли вазирлик, идора ва ҳўжалик бирлашмалари раҳбарларига тармоқ лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш бўйича жавобгарлик юкланди. Ҳудудларда амалга ошириладиган тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги ҳар бир лойиҳага республика идоралари раҳбарлари масъул сифатида бириктирилди.
Мутасаддиларга галдаги лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ишларини якунлаб, хорижий инвесторлар билан шартномалар имзолаш ва ижросини қатъий назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.











