Ўзбекистон | 18:00 / 20.01.2020
44295
3 дақиқада ўқилади

Президент ижтимоий муаммоларнинг юзага келиш сабабини айтиб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенати биносида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган президент Шавкат Мирзиёев жамиятда юзага келаётган ижтимоий муаммоларга алоҳида тўхталди.

“Уч йил олдин сенаторлар томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бироқ бу биз кутган натижани берди, деб ҳозирча айта олмаймиз.

Жойларда ҳали жуда кўп муаммолар ҳали ўз ечимини кутиб турибди. Масалан, йўл қурилиши соҳасида жами 184 минг километр бўлган автомобиль йўлларининг 70 минг километри, ёки 38 фоизи қайта қуришга муҳтож. Одамларнинг энг кўп эътирозига сабаб бўлаётган коммунал хизмат соҳасини оладиган бўлсак, бу борада ҳам жуда-жуда кўп муаммолар мавжуд.

Масалан, мавжуд 630 та қозонхонанинг 25 фоизи ҳамда 4 минг километр иссиқлик тармоғининг 75 фоизи яроқсиз аҳволда. Энг ачинарлиси, республикамизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси атиги 68 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 60 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда.

Шаҳарсозлик соҳасида мамлакатимизда 1 минг 200та аҳоли пунктидан 232 таси, ёки 19 фоизи бош режага эга.

Соғлиқни сақлаш соҳасида республикамиз бўйича 13 мингта умумий амалиёт врачлари ва тор доирадаги мутахассислар етишмайди. 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 2700дан ортиқ педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлса, мактабларни жиҳозлаш даражаси 70 фоизни ташкил этмоқда. Шу билан бирга 3 мингта мактабда ичимлик суви ташиб келтирилади. 261 та мактабда эса сув билан мутлақо таъминланмаган. 

Меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни, аёллар ўртасида 12,5 фоизни ташкил этади.

Албатта узоқ вақт давомида халқ билан мулоқот қилинмагани, унинг дарди, ташвишларини атрофлича ўрганиб, ҳал қилиш чоралари кўрилмагани оқибатида мана шундай ижтимоий муаммолар тўпланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас”, - деди президент.

Мавзуга оид