Ўзбекистоннинг Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси Хитойда коронавирус тарқалиши ва унинг кенгайишини олдини олиш буйича кўрилаётган чоралар ҳақида видеомурожаат билан чиқди.
Элчихона вакили Акмалхон Олимхоновнинг сўзларига кўра, 15 январдан элчихона қошида махсус штаб ишламоқда.
«Охирги пайтларда Хитой фуқароларидан кўра, бошқа мамлакатлар аҳолиси орасида ваҳима кўпайиб боряпти. Ваҳимали видеолар, янгиликлар кенг тарқалмоқда. Бунинг энг асосий сабаби – текширилмаган ва асоссиз маълумотлар, ахборотларнинг тарқалишидир», – деди элчихона вакили.
Видеомурожаатда Хитойда бугунги кунда кузатилаётган вазият ҳақида маълумот берилган.
«Пекиндаги штаб томонидан нафақат Ухан шаҳри, барча провинциялардаги талабалар билан алоқа ўрнатилган. Хитойда энг кенг тарқалган оммавий WeChat тармоғида Ухан 2020 Ўзбекистон ва Ухандаги ўзбекистонликлар номли гуруҳлар тузилган. Бу гуруҳларда талабалар ўзларининг фикрларини, ҳолатлари бўйича муҳокама қилиш имкониятлари бор. Бундан ташқари, тегишли кўрсатмалар бериб борилмоқда. Қолаверса, агар шахсий масалалар бўлса, барча штаб вакилларининг мобил рақамлари берилган ва улар шахсий масалалар бўйича мурожаат қилишяпти ва ўз саволларига жавоб олишмоқда», – деди видеомурожаатда Акмалхон Олимхонов.
У Хитой ҳукумати Ухан шаҳридан чиқишга рухсат бермаётганига ҳам тўхталди.
«Хабарингиз бор, Ухан шаҳрида карантин ҳолат жорий этилган. Шаҳарга кириш ва шаҳардан чиқиш тақиқланган. Аэропорт, аэровокзал, вокзаллар фаолияти тўхтатилган.
Нимага Хитой ҳукумати Ухан шаҳридан чиқишга рухсат бермаяпти? Карантин ҳолати эълон қилингани муносабати билан тегишли ҳукумат идоралари бошқа дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасаларининг ўзларининг фуқароларини бошқа мамлакатларга олиб чиқишларига рад жавоби бермоқдалар. Чунки карантин юқумли касалликларнинг кенг тарқалишини чеклашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуйи. Уханда 12 миллион аҳоли бор. Бу дегани уларнинг барчаси зарарланган дегани эмас», – дейди у.
«Хитой Ташқи ишлар вазирлиги кеча ўтказилган брифингда ҳам хотиржам бўлишни ва ваҳима кўтармасликни илтимос қилишди. Чунки вирусдан кўра, бу нарса атрофида кўтарилаётган ваҳима таҳдид солиши айтиб ўтилди. Хитой бундан олдин ҳам илгари кенг кўламли эпидемияларни енгиб ўтган ва коронавирус устидан ҳам ғалаба қозонади.
















