Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли Яшнобод тумани Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида автомактаб битирувчиларидан имтиҳон олиш жараёнида коррупциянинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида синов тариқасида янги тизим ишга туширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Рафиқжон Жалилов 10 февраль куни журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда маълум қилди.

2020 йилнинг январидан бошлаб амалиётга татбиқ этилган янги дастурий таъминотга асосан имтиҳон топшираётган шахс ўзининг фуқаролик паспортидаги серия рақамларини компьютерга киритиб, тестларни мустақил равишда ечиши имкон яратилган ва бу жараёнга мутасаддилар аралашувининг олди олинган. Имтиҳон топширувчиларнинг хатти-ҳаракатини, шунингдек, хонада рўй бераётган барча ҳолатларни кутиш хонасига ўрнатилган мониторлар орқали имтиҳон топширувчиларнинг яқинлари кузатиб туриши мумкин. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими шахсий таркибининг хизмат фаолиятини доимий равишда назорат қилиб бориш мақсадида барча хоналарга видеокузатув мосламалари ўрнатилган.


«Яшнобод туманидаги Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида бир қатор янгиликларни амалга оширяпмиз. Жумладан, имтиҳон топширувчилар ва уларнинг ота-оналари учун максимал қулайлик яратишга ҳаракат қилдик. Имтиҳон топширувчилар тест синовларига киргунларига қадар кутиш залида ўрнатилган мониторлар орқали билимларини синаб кўришлари мумкин. Бу ерда берилган жавобларнинг имтиҳон натижаларига ҳеч қандай таъсири йўқ.


Буни жорий қилишдан мақсад фуқароларимизнинг имтиҳон олдидаги ҳаяжонларини бироз бўлса-да босиш ҳамда ўз билимларига ишончни шакллантиришдан иборат. Янги тизим январь ойидан жорий этилган бўлса, ўтган вақт давомида имтиҳон топширишга келганларнинг кўпчилиги айнан мана шу мониторларни ўрнатганимиз учун алоҳида миннатдорчилик билдириб кетишди», дея Рафиқжон Жалиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.










