Ўзбекистон | 23:11 / 12.02.2020
4425
2 дақиқада ўқилади

Хусусий боғчаларнинг соҳадаги улуши ривожланган давлатларники билан тенглаштирилади

Ҳозир мактабгача таълим тизимида нодавлат сектор улуши 18 фоизни ташкил қилади. 2020 йил якунига кўра,  бу кўрсаткич 25 фоизга етказилиши мақсад қилинган.

12 февраль куни Мактабгача таълим вазирлиги масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш мавзусида ўтказилган тадбирда вазир ўринбосари Мақсуджон Юлдашев бу йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Мақсуджон Юлдашев

«Давлат-хусусий шериклиги – Ўзбекистон учун янги соҳа. ДХШ шакллари биринчи бўлиб 2018 йилдан мактабгача таълим тизимида жорий қилина бошлади ва бу ўзининг самарасини бермоқда. 2018-2019 йилларда 140 минг ўринли нодавлат МТТлар ташкил этилди.

Агар бугун мактабгача таълим тизимида нодавлат секторнинг улуши 18 фоизни ташкил қилса, 2020 йил якунига кўра, уни 25 фоизга етказишни мақсад қилганмиз», – деди Юлдашев.

2022 йил якунида эса нодавлат сектор улуши ривожланган давлатлардаги кўрсаткичга тенглаштирилиши режалаштирилган.

«Хорижий давлатлар тажрибасига кўра, агар нодавлат сектор улуши 30 фоиздан ошиб кетса, аҳолининг ижтимоий қатлами талабларини бажариш даражаси пасайиб кетиши мумкин», – дея маълум қилди вазир ўринбосари.

Айни пайтда мактабгача таълим тизимида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларнинг 10 йилгача барча солиқлардан озод қилиниши, уларга давлат бюджетидан субсидиялар ажратилиши ва бошқа имкониятлар орқали тадбиркорларнинг соҳага кириб келаётгани ҳам вазирлик масъуллари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик янада ривожлантириш бўйича президент қарори қабул қилинди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид