Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш, пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан босқичма-босқич воз кечиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёт ривожи, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири. Шу боис уни замон талаблари, стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Олий Мажлисга Мурожаатномада барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам аниқ йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

2025 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 100 миллиард доллар, йиллик экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жуда катта резерв ва имкониятлар бор.

Мева-сабзавот экспортини тизимли ташкил қилиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи билан экспортёр ўртасида ўзаро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида мева-сабзавотчилик ва узумчиликда ҳам кластер тизими жорий қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 декабрдаги қарори билан бу борадаги барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиб берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерлари фаолиятини самарали ташкил қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Кластерлар таклифлари асосида экспортбоп экинларни жойлаштириб, зарур уруғлик, кўчат, минерал ўғит, ёқилғи масаласини ҳал қилиш ва уларнинг таъминотини тизимли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жойларда кластерлар фаолиятини самарали ташкил этишга вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарларининг ўринбосарларидан бири мева-сабзавотчилик кластерларини айланма маблағлар билан таъминлаш ва улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга масъул қилинди.