Эҳтимол, бу мавсум Пеп Гвардиола учун инглиз клуби билан Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш учун сўнгги имкон бўлиши мумкин.
Ягона турнир

«Реал» — биз тақлид ва ҳавас қиладиган, нимадир ўрганадиган клубдир», — дея кутилмаган фикр билдирди Пеп Гвардиола бир неча кун аввал. Каталонлар клуби тарбияланувчиси, «Барселона» тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири бўлган мутахассисдан бундай сўзлар чиқиши ажабланарли ҳол. Аммо айни вақтда у «Манчестер Сити» номидан сўзлайди, бу клубдагилар чиндан ҳам «Қироллик клуби»га пастдан туриб қарайди.
Мадридликлар Чемпионлар лигасида 13 бор ғолиб чиққан, сўнгги 6 мавсумда 4 соврин ютилган. «Сити» — эса сўнгги ўн йилда Англиядаги турли даражадаги турнирларда 13 марта ғолиб чиққан, аммо бу клубда битта ҳам еврокубок йўқ.
Ҳа, «шаҳарликлар» клубига ҳеч ким Европанинг энг яхши клуби бўлиш мажбуриятини қўймаган. Гвардиоланинг «Сити» бошқарувига келган вақтдаги иқтибосларидан бири: «Шайх Мансур менга Премьер-лигани ёки Чемпионлар лигасини ютишим лозимлигини айтди. У шундай деди: «Ўз ишингни қил, имкони борича яхшироқ, ақлинг етганича. Кейин кўрамиз».
Аммо ҳеч кимга сир эмаски, «ПСЖ» ёки «Манчестер Сити» каби лойиҳалар халқаро триумфларсиз маънога эга эмас. Гвардиоланинг ўзи ҳам бу клубга илк халқаро совринини олиб беришни истайди: мухолифлари Пепни кўп йиллардан буён ҳар бир муваффақиятсизликдан кейин «шарлатан» деб атаб, у Мессисиз еврокубок юта олмаслигини юзига солиб келишади.
Эндиликда «Манчестер Сити»нинг иштиёқи янада кучли, УЕФА клуб учун икки мавсумга кислородни ёпиб қўйди.
«Манчестер Сити» еврокубоклардан четлатилди. Клуб нега жазоланди?
Англиянинг амалдаги чемпионлари учун бу мавсумда фақат икки турнирда интрига сақланиб қолган — Англия Кубоги ва Чемпионлар лигаси. Клуб шу ҳафтанинг якшанбасида «Астон Вилла»га қарши Англия лигаси Кубоги финалида майдонга тушади.
«Сити» Англия чемпиони бўлолмаслиги аниқ, еврокубоклар ҳудуди учун курашишдан маъно йўқ. Албатта, премьер-лига ўринларга қараб тақсимлайдиган мукофот пуллари ҳам бор, аммо бу бадавлат клуб учун у қадар аҳамиятли жиҳат эмас. Миллий турнирлардаги Кубок ўйинлари «шаҳарликлар»ни ортиқча ҳаяжонга солмайди — улар сўнгги йилларда ички турнирларда етарли даражада кўп ғалаба қозонишди.

















