Бундан икки йил олдин шифокорга кимнидир қўл кўтариши жамоатчилик ўртасида катта шов-шувларга сабаб бўлар эди. Ҳозир эса ундай эмас. Сабаби, бу сингари ҳодисалар сони шу қадар кўпайиб кетдики, охир оқибат шифокорнинг иш вақтида одамлар томонидан калтакланиши оддий ҳолга айланиб қолди. Шу йилнинг 29 февраль ва 4 март кунлари Андижон вилоятининг икки касалхонасида икки шифокор ўз хизмат вазифаларини бажараётган вақтда фуқаролар томонидан дўппосланган. Улардан бирига пичоқ билан хужум қилинган.

29 февраль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали травмотология бўлими қабулхонасида беморнинг қариндоши шифокорларга ўткир тиғли буюм билан ташланиб, сўнг пичоқни тиббиёт ходимига қаратиб отгани ҳақидаги видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалиб кетди.

4 март куни эса Балиқчи туманида фуқаро тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклаб, тан жароҳати етказган.

Биз ҳар икки ҳодиса юзасидан воқеа рўй берган муассасаларда бўлиб шифокорлар билан суҳбатлашдик.

 Тажовуздан сўнг бошқа бир тажрибали шифокор ишдан бўшаб кетган

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг травмотология қабулхонаси бир кунда 200 нафардан зиёд беморларга хизмат кўрсатади. Муассаса ходимлари 29 февраль куни юз берган аянчли ҳолат, умуман охирги пайтларда баъзи бемор ва уларнинг қариндошлари томонидан тиббиётчиларга тажовуз қилиниши шифокорлар руҳияти, иш унумдорлигига салбий таъсир ўтказаётганини билдиришди.

34 йиллик иш тажрибасига эга юз жарроҳи Баҳромжон Ҳайдаров, ўрта ва кичик тиббий ходимлар билан суҳбатлашдик.

“ - Охирги пайтларда шифокорларни ҳақорат қилиш, уларга қўл кўтариш каби ҳолатлари бизнинг муассасада ҳам жуда кўп юз бермоқда. 29 февраль кунидаги воқеа тафсилотларига тўхталсак, аёл киши юзида жароҳати билан касалхонага келди. У эри урганини айтди. Ходимларимиз беморга ёрдам кўрсатиш билан бирга ҳодиса юзасидан ички ишларга хабар беришини айтишган. Шунда беморнинг акаси “ИИБга хабар бермайсанлар!” деб, врачга ташланиб қувлаяпти. Сўнг ходимимизга пичоқ отган. Яхшики, пичоқ кимгадир санчилиб, тан жароҳати етказмади. Фуқаролар тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат қилинган ҳар қандай ҳолатда тиббиёт ходимлари ички ишлар органининг навбатчилик қисмига хабар бериши шарт, бу қонун талаби ахир.