Дунё бўйлаб парвозлар бекор қилинишидан авиакомпаниялар зарар кўра бошлади. Бугун улар ҳукумат ва солиқ тўловчиларнинг ёрдамисиз омон қолмасликлари, бу кетишда банкрот бўлишларини айтишмоқда.

Аввало Осиё, кейин Европа ва Америка коронавирус эпидемиясини тўхтатиш учун ўз ҳаво эшикларини ёпди. Оқибатда аксарият авиакомпаниялар парвозлар сонини қисқартиришга мажбур бўлди. Самолётлар ҳавода эмас, ерда, чипталар сотилмаяпти. Аммо иш ҳақи ва қарзлар тўланиши керак. Авиакомпаниялар раҳбарлари фуқаро авиацияси бундай иқтисодий тангликка дош бера олмайди, дейишмоқда. Уларнинг фикрича, ёзга етмай банкротлик ҳолатлари кузатила бошлайди.

Дунё фуқаро авиациясининг ярмини назорат қилувчи учта йирик альянс Oneworld, SkyTeams ва Star Alliance турли ҳукуматлар ва аэропортларга ўзларини қўллашни сўраб мурожат билан чиқишди: «Вазият фавқулодда чораларни кўришни талаб қилади. Коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши ортидан келиб чиққан ҳолат авиация учун ўта хавфли кўриниш олди», дейилади Oneworld, SkyTeams ва Star Alliance томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда.

Парвозлар чекланиши яна икки-уч ой давом этса, бу авиакомпанияларга ақл бовар қилмас зарар етказиши мумкин. Ваҳима ичида аллақачон банкротликка тайёргарлик кўришни бошлаб юборганлар ҳам топилади.

«Май ойи охирига бориб дунёдаги кўплаб авиакомпаниялар инқирозга юз тутади. Агар биз фалокатдан қутулиб қолишни истасак, тезкорлик билан ҳокимият ва авиация соҳаси ҳамкорликда чоралар қўллашимиз керак», дея ёзмоқда Centre for Aviation портали.

Бўшаб қолаётган осмон: Коронавирус авиакомпанияларни ҳалокатга етакламоқда. Биринчи «қурбон» бор

Авиакомпанияларга қандай ёрдам бериш мумкин?

АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британия, Норвегия, Бразилия ва Россия ўз авиакомпанияларига ёрдам беришни ваъда қилган, аммо ёрдам қандай кўринишда бўлиши ва қачон берилиши номаълум. Авиакомпаниялар эса ёрдам масаласида ўз таклифларини билдириб бўлган. Улар ҳукуматлардан энг аввал солиқ имтиёзлари, йўловчилар учун ҳақ тўлаш, аэропортларда туриб қолган самолётлар учун ижара ҳақи олмаслик каби ёрдамларни сўрамоқда.

Бўш салонлар - кун воқелиги / GETTY IMAGES

Ҳозирча авиакомпанияларга ёрдам сифатида аксарият аэропортлар слот (аэропортларда самолётлар учун ажратиладиган пуллик жой) тақсимлаш қоидаларини бекор қилди. Бу қоидаларга кўра, авиакомпаниялар ўзларига тегишли слотларнинг 80 фоизини банд қилмаса, ундан айрилар эди.