Карантин, иложи бўлса, уйдан ташқарига чиқмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларга беэътибор бўлаётган юртдошларимиз кўп – чойхоналар, бозорлар гавжум, тўйлар бўлиб турибди. Чунки кўпчилигимиз учун бу хавф ҳали ҳам анча узоқдек туюлаётгани табиий, ахир вирус қаердадир аэропортда ёки чет элдан келган шахсларнинг қариндошларида, ёки ҳоказо. Яъни бизга алоқаси йўқ, бир умр қишлоқдан ёки маҳалладан чиқмаган Тошмат билан кўришиб, вирус юқтиришга ишониш қийин. Аммо аслида ҳам шундайми?
Келинг, буни тушуниш учун ҳамма одамларни 4 тоифага бўлиб оламиз - A, B, C ва D тоифаларга.
- «A» тоифа – коронавирус аниқланган шахс.
- «С» тоифа – «A» билан бевосита мулоқот қилган ва «A»га таниш бўлган шахслар. Яъни «A»нинг оила аъзолари, дўстлари, овқатланган жойдаги кассир ва ҳоказолар бўлиши мумкин.
- «B» – тоифа – у ҳам «A» (коронавирус билан касалланган шахс) билан мулоқот қилган, лекин билмаган ҳолда. Дўконларда, жамоат жойларида, масжидларда, бозорларда, хуллас, билмаган ҳолда «A»дан касаллик юқтириб олиши мумкин.
- «D» тоифа – «A» билан умуман алоқа қилмаган, яқин келмаган инсон. Яъни, сиз, биз, ҳаммамиз, дейлик.
Энди, коронавирус юқишининг олдини олиш учун нима қилинади?
«A» – дарҳол даволаниш учун ётқизилади.
«С» – дарҳол карантинга олинади. Вирус юққанми ёки йўқми текширилади. «С»ларни топиш осон, чунки «A» қаерларга борганини, кимлар билан кўришганини айтиши мумкин. Шунга кўра ҳаракат қилинаверади. Агар «С»дан ҳам вирус чиқса, у ҳам «A»га айланган бўлади, демак унинг ҳам «С»ларини (танишларини) топиб, карантинга олиш керак.
«B» – энг ёмони, биз бу одамлар кимлигини билмаймиз. Чунки «A» кўчада, жамоат жойларида ўзи билмаган ҳолда кимларга юқтирган бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳатто «В»нинг ўзи ҳам, ўзи вирус юқтирган бўлиши мумкинлигини билмайди. Чунки ҳатто барча «A»лар эълон қилинган тақдирда ҳам, ўша одамлар билан бир жойда рўпара келган бўлиши, ёнидан ўтганда ёки айни буюм қўлланганда юққан бўлиши мумкинлигини билмайди.
















