Ўзбекистон | 18:15 / 26.03.2020
24518
2 дақиқада ўқилади

Гулистон шаҳри транспорт воситалари учун ёпилмоқда

Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ҳар қандай транспорт воситаларида кириш учун тўхтатилади.

Фото: KUN.UZ

«Вилоят ҳудудига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Сирдарё вилоят махсус комиссияси қарорига кўра 2020 йил 27 март куни соат 00:01дан бошлаб Гулистон шаҳрига кириш ва шаҳардан чиқиш вақтинчалик тўхтатилади», — дейилади Сирдарё вилоят ИИБ хабарида.

Бундан кўзланган асосий мақсад — коронавирус инфекцияси вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олишдир.

Чекловлар қуйидаги ҳолатларда татбиқ этилмайди:

юк ташиш билан боғлиқ ҳолатларга;

  • Гулистон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
  • Гулистон шаҳрига кириш учун вилоят марказидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимларга;
  • шифокор ва ҳамширалар, СЭОМ ходимлари ҳамда вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига.

Гулистон шаҳрига кириш чиқиш фақат иккита йўналиш бўйича:

1-йўналиш: Гулистон шаҳри, Гулистон кўчасига йўл ўтказгич кўприқ орқали;

2-йўналиш: Гулистон шаҳри, Дўстлик қўрғони, Хондамир кўчасида ташкил этилган карантин постлари орқали — транспорт воситалари ва йўловчиларни дезинфекция қилган ҳолда амалга оширилади.

Гулистон шаҳрига бошқа йўналишлардан кириб-чиқиш жойлари тўлиқ ёпилади.

Шаҳар ҳудудига киришга қўйилган чекловларга ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

  • Бунгача Наманган, Андижон ва Самарқанд шаҳарларига кириш ва чиқишда чекловлар ўрнатилган, шунингдек, Сурхондарё вилояти транспорт воситалари кириши учун ёпилганди.

Мавзуга оид