Гулистон шаҳрида жойлашган овқатланиш шохобчасидаги портлаш иши бўйича 6 киши жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
“Хизмат муддати ўтган”
Суд ҳукмига кўра, аҳоли орасида “Бек” чойхонаси номи билан танилган овқатланиш шохобчасида фойдаланиб келинган газбаллонларнинг хизмат муддати ўтган бўлган.
Қайд этилишича, чойхона эгаси 2000 (2015 йилдан буён техник текширувдан ўтказилмаган), 2010 (2015 йилдан буён техник текширувдан ўтказилмаган), 2013 (2018 йилдан буён техник текширувдан ўтказилмаган) ва 2018 йилда (2023 йилдан буён техник текширувдан ўтказилмаган) ишлаб чиқарилган газбаллонлардан фойдаланган.
МЧЖда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилган бўлса-да, масъуллар унинг ижросини назорат қилмаган.
Судга оид комплекс экспертиза хулосасига кўра, ошхонада 2010 йил август ойида ишлаб чиқарилган ва 2015 йилдан буён техник кўрикдан ўтказилмаган газбаллон портлаган. Яъни газбаллон иссиқлик ҳарорати таъсирида ёрилиб, ундан газ сизиб чиққан. Овқат пишириш қозони ўчоғидаги аланга иссиқлик манбаи сифатида портлашга сабаб бўлгани келтирилган.

“Заправка”да тўлдирилган”
Газбаллонлар ҳодисадан бир кун олдин, яъни 2025 йил 1 декабр куни автомобилларга газ қуйиш шохобчасидан тўлдириб келинган.
Ўша куни МЧЖ раҳбари топшириғи билан хўжалик бўлими ёрдамчилари ошхонадаги 4 та газбаллонни Damas машинасига юклаб, автомобилларга газ тўлдириш шохобчасига олиб боришган. Мазкур АГТШ маиший газбаллонларига суюлтирилган газ сотиш фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензияга эга бўлмаган. Бироқ шохобча ходимлари хизмат муддати ўтган газбаллонларни тўлдириб берган.
2025 йил 2 декабр куни эрталаб жамиятнинг хўжалик бўлими ёрдамчилари газбаллонларни ошхонада газ плита ва қозонларга улаб берган. Ошпазлар улардан фойдаланиб, овқат тайёрлашга киришган. Соат 10:50 да қозонлардан бирига уланган газбаллон портлаган.
















