Спорт | 10:47 / 31.03.2020
8581
3 дақиқада ўқилади

Спорт таълим муассасалари онлайн таълим жараёнига ўтмоқда

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча таълим муассасалари, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, 2020 йил 16 мартдан бошлаб номаълум муддатга ёпилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сонли «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, коронавирус пандемияси муносабати билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғига кўра тизимдаги спорт таълим муассасаларида масофавий таълим жараёни ташкил этилмоқда.

Шу муносабат билан, вазирлик тизимидаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб барча таълим жараёнлари масофадан – уйдан туриб амалга ошириляпти.

Маълумки, умумтаълим фанларидан ЎзМТРК тизимидаги телеканаллар орқали телевизион дарслар бериб борилмоқда. Шу боис эндиликда умумтаълим фанларидан ташкил этилган телевизион дарсларни ўқувчилар мунтазам кўриб боришлари ва фанларни ўзлаштиришлари бўйича ҳар кунлик мониторинг тегишли синф раҳбарлари томонидан, ўқувчининг уйига бормаган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, ҳар бир спорт таълим муассасасида ҳам ўқувчилар учун амалиёт жараёнларини масофадан туриб амалга ошириш чораларини кўриш мақсадида ўқув режаси ишлаб чиқилди ва тренер-ўқитувчилар томонидан ўзларига бириктирилган ўқувчиларга спорт машғулотлари жадвалидан келиб чиқиб, масофадан турган ҳолда ҳар кунлик вазифалар бериб борилмоқда ва берилган вазифалар ҳамда нормативларни ўқувчилар томонидан бажарилиши назорат остига олинди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари учун университет профессор-ўқитувчилари томонидан баҳорги семестрда ўтиладиган фанлар бўйича электрон ресурслар яратилмоқда.

Жумладан, университетда мавжуд кафедраларнинг ижтимоий тармоқ (телеграм мессенжери)даги каналлари ташкил этилиб, талабалар учун баҳорги семестрда ўтиладиган фанлар бўйича маълумотлар (маъруза матнлари, видеомашғулотлар, слайдлар ва ҳ.к.) жойлаб борилмоқда.

Ушбу маълумотлар университетнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ҳамда @masofaviytaʼlimuzdjtsu телеграм каналида ҳам бериб борилиши йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, университет ўқув-услубий бўлими ва кафедралари томонидан талабаларни баҳорги семестрда ўқитиладиган фанлар бўйича масофавий баҳолаш ҳамда битирувчи босқич талабаларининг давлат имтиҳонларини масофавий ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, республикамиздаги спорт таълим муассасаларидаги таълим жараёнига коронавирус ортиқ хавф сололмайди. Ўқувчилар ва талабалар ўз уйларида одатий дарс жараёнларига қайтмоқда. Шу билан бирга ўқувчи ва талабалар томонидан ўқув-машғулотларнинг ўзлаштирилиши доимий тарзда мониторинг қилиб борилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Мавзуга оид