Коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбайи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлаши маълум қилинди.
Президент бугунги шароитда томорқани энг ишончли даромад манбайи сифатида баҳолади. Айниқса, коронавирус пандемияси жаҳоннинг энг етакчи мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи етарлича таъминланмаганини кўрсатгани қайд этилди.
Давлат раҳбари бу масалада – Ўзбекистонда озиқ-овқатга бўлган ички талабни тўла қондириш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун катта захира ва имкониятлар мавжуд эканлигини айтиб ўтди.
«Бунинг учун қишлоқ жойлардаги барча фермерлар, кластерлар ҳамда деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда дала ва томорқаларда баҳорги экин экиш ишларини давом эттиришлари шарт. Айтиш лозим, мутасадди раҳбарлар озиқ-овқат ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини унутса, фермерларимиз даласини ўз ҳолига ташлаб қўйса, аҳоли томорқасидан фойдаланмаса эртага халқимизни боқиш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш жиддий муаммога айланади.
Шу мақсадда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш борасида қатор қарорлар қабул қилдик, айрим қонунларга ўзгартиришлар киритдик. Хусусан, томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди. Яъни, томорқа билан ишлайдиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштиришдан тортиб, экин экишни назорат қиладиган янги тизим жорий этилди. Бугун бу тизим самарали ишлашини таъминлаш фурсати етди, деб ҳисоблайман.
Масалан, бугун томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган миришкор деҳқонларимизнинг тажрибасини кенг жорий қилишимиз керак. Айтайлик, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманларда аксарият оилалар бир йилда икки-уч марта ҳосил олади. Ушбу ҳудудларда 8-10 сотихлик томорқасидан йилига 50-100 миллион сўмгача даромад қилаётганлар бор.
Лекин Қўнғирот, Тахтакўпир, Зарбдор, Зафаробод, Муборак, Конемих, Бойсун, Паст Дарғом, Мирзообод, Бука, Гурлан каби туманларда эса 60-65 фоиз аҳоли томорқасидан самарасиз фойдаланяпти. Бу йилги мураккаб шароитни ҳисобга олиб, барча томорқаларда икки-уч марта экин экиш, қўшимча даромад қилиш биринчи даражали вазифа бўлиши лозим», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Видеоселекторда аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган тизимдан самарали фойдаланиб, томорқаларда маҳсулдорликни ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.




















