Бир томондан коронавирус сабаб талабнинг камайиши, бошқа томондан Саудия Арабистони ва Россиянинг бир-бирига «аччиқ қилиши» сабаб нефть бозорида парокандалик юзага келганди. Оқибатда нефть ўз таннархидан ҳам арзонлаб, «қора олтин» бозори касодга учрай бошлади.

Аҳвол ҳозиргидан ҳам даҳшатлироқ инқирозга қараб кетаётган бир вақтда катта давлатлар, тўғрироғи, АҚШ бундай давом этиш мумкин эмаслигини айтиб, келишишга чақирди. Дунё нефтининг 33 фоизига эгалик қиладиган ОПЕК ташкилотига аъзо давлатлар ниҳоят келишувга эришиб, нефть ишлаб чиқарувчиларнинг «кўкрагига шамол тегди».

Аввалига 6 апрель кунига белгиланган ОПЕК+ давлатларининг видеоконференция форматидаги учрашуви 9 апрелга кўчирилганди. Аммо шу куни ҳам Мексиканинг қайсарлиги сабаб 10 соат давом этган музокаралар чала қолиб кетди. Якшанба куни эса ОПЕК+ давлатлари нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишув имзолаб барчасини расман тасдиқлашди.

Бу нефть бозоридаги нархларга қандай таъсир қилади? АҚШ ва Россия ўртасидаги сиёсатнинг бу келишувга қандай алоқаси бор? ВВС бу борада мулоҳазаларни жамлади.

Кувайт нефть вазири Холид ал Фадилнинг твиттерда ёзишича, «тарихий келишув» 2020 йил 1 майдан кучга киради. Чиндан бу тарихий келишув бўлди. Келишув шунчалик тарихий бўлдики, ундан олдин бу каби нарсаларга аралашмаган АҚШ ҳам қўшилди.

Келишувнинг асосий вакиллари Саудия Арабистони ҳамда Россия эди. Эндиликда, ҳар икки давлат кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 2,5 миллион баррелгача қисқартиради. Аста-секин бу чеклов камайиб боради ва шу тариқа бозордаги нарх мувозанатга келади.

Ҳаммаси қандай бошланганди?

Нефть бозоридаги «нарх уруши» қандай пайдо бўлгани ҳақида кўп ёзганмиз, аммо бу ҳолатни яна бир бор эсласак, зарар қилмас. Майли, бу гал оддийроқ ракурсдан қараймиз. Аввалига март ойида Саудия Арабистони ОПЕК+ давлатларига кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 1,5 миллион баррелга қисқартиришни таклиф қилди. Бу мамлакат таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар куни бозорда ўртача шунча миқдорда ортиқча нефть пайдо бўлаётганди. Аммо бу таклифга Россия кескин қаршилик қилди.