Коронавирус пандемияси энг глобал дунёвий муаммога айланди. Унга қарши туриш ҳамда фуқаролар манфаатларини, биринчи навбатда, уларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида қаердадир карантин, қаердадир фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Бундай шароитда фуқароларнинг саломатлигини сақлаш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолади. Шу боис давлат томонидан тезкор чоралар қабул қилиниши зарур бўлади.

Карантин пайтида давлат томонидан ўрнатилган тақиқларга нисбатан бепарволик ва бефарқ муносабат қатъий ва амалий чоралар, хусусан, жиддий жавобгарлик чоралари кўрилишини талаб қилади.

Хитойда ўлим жазоси

Фото: Kevin Frayer / Getty Images

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳукуматлар карантин режимини бузганлик учун шак-шубҳасиз ва зудлик билан жиддий жавобгарлик чораларини кўради. Масалан, вирус пайдо бўлган Хитойда ўзини яккалаш режимини бузганлик учун катта миқдордаги жарималар, қамоқ жазоси, ўта оғир ҳолатларда эса ҳатто ўлим жазоси ҳам тайинланди.

АҚШда 10 минг долларгача жарима

АҚШда 11 апрелдан бошлаб катта фалокат режими жорий этилди. Қатор штатларда март ойининг охирларидаёқ ўта зарурий ҳолатларсиз уйни тарк этиш тақиқланди. АҚШда карантин чоралари ҳам федерал, ҳам маҳаллий ҳокимият органлари ваколатига киради (штатлар касаллик юқтирган одамларнинг ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди, федерал юрисдикция штат чегаралари ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтувчиларга тааллуқлидир).

Масалан, Висконсин штатида бирор бир шахс ўзининг касалланганини билатуриб карантин талабларига бўйсунишдан бош тортса, у 500 доллар жаримага тортилиши ёки 30 кунгача қамоққа олиниши мумкин. Вайомингда изоляция режимини бузганлик учун 10 минг долларгача жарима ва бир йилгача қамоқ жазоси, Техасда эса олти ойгача қамоқ жазоси ва 2 минг доллар жаримага тортиш белгиланган.

АҚШ федерал қонунчилигида карантин бузганлик учун 250 минг доллардан кўп бўлмаган жаримага тортиш ва (ёки) икки йил қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бунда ким бўлишидан қатъи назар ҳамма жавобгарликка тортилади. Масалан, Олтон (Иллинойс штати) мэрининг рафиқаси Брент Уолкерни карантинни бузгани учун полиция томонидан ҳибсга олинди ва унга нисбатан тегишли чоралар қўлланди.