Hilton тармоғининг бутун дунёдаги меҳмонхоналарининг 16 фоизга яқини коронавирус пандемияси оқибатида ёпилди. Бу ҳақда Hilton корпорацияси хабар берди.

"14 апрель ҳолатига кўра, қарийб мингта меҳмонхона ёки бутун дунёдаги барча объектларимизнинг  16 фоизи ишини тўхтатди. Шимолий ва Жанубий Америкада меҳмонхоналаримизнинг 16 фоизи, Европа, Африка ва Яқин Шарқда 60 фоизи, Осиё-Тинч океани минтақасида 15 фоизи ёпилди", - дейилади хабарда.

Март охирларида Америка меҳмонхоналар ва ижара ассоциацияси коронавирус тарқалиши сабабли АҚШдаги меҳмонхоналар ходимларининг 44 фоизи ишсиз қолишини тахмин қилганди. 

АҚШ меҳнат вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, АҚШда пандемия бошланганидан 9 апрелга қадар 17 млнга яқин киши, жумладан охирги ҳафтада 6,6 млн киши ишсизлик нафақаси олиш бўйича мурожаат қилган. Охирги 3 ҳафта ичида тахминан ҳар ўн америкаликдан биттаси ишини йўқотган.