Ўзбекистон | 16:48 / 20.04.2020
11239
2 дақиқада ўқилади

МИБ жарима тўлаш муддати фақатгина карантинга олинган шахслар учун узайтирилганини эслатди

Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов карантин даврида жарималарни ундириш тадбирлари қандай давом этаётгани ҳақида маълумот берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси

«Ҳозирги кунда фақатгина карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилган. Қолган ҳолларда эса жарималарни вақтида тўлаш зарур», – деди Фаррух Тошпўлатов 20 апрель куни АОКАда ўтказилган онлайн брифингда.

3 апрель куни Ўзбекистонда инқирозга қарши чораларнинг 2-пакети қабул қилинган эди. Унга асосан, карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилган. Аммо карантин қоидаларини бузганлик учун тўланадиган жарималар бундан мустасно.

Маълумот учун, 18 апрелгача Ўзбекистонда жами 250 мингга яқин шахс карантинга олинган, шулардан 156 минг нафарига кузатувдан чиқарилган.

2 мингдан ортиқ эҳтиёжманд қарздорнинг қарзи тўлаб берилди

Фаррух Тошпўлатовнинг айтишича, Мажбурий ижро бюроси органлари ташаббуси билан жойлардаги кам таъминланган оилаларнинг фойдаланилган электр энергияси ва табиий газдан қарздорлигини ундиришга ҳомийлик асосида саховатпеша тадбиркорлар, савобталаб инсонлар жалб қилинмоқда.

«Ҳозирга қадар 2 мингдан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларга 426 миллион сўмдан ортиқ коммунал хизмат учун қарздорликларини бартараф этиш ва бошқа амалий ёрдамлар кўрсатиш билан боғлиқ саховат тадбирлари ташкил этилди», – деди МИБ вакили.

Унинг қўшимча қилишича, фуқаролар суд ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича қарздорликларни билиш, республикадан чиқиш учун тақиқлар ҳақида маълумот олиш учун МИБнинг расмий Telegram-канали ва унга уланган ботдан фойдаланишлари мумкинлигини таъкидлади.

Бот орқали барча тўловларни амалга ошириш имконияти ҳам бор.

«Бироқ худди шу номдаги сохта ботлар ҳам аниқланганини ҳисобга олиб, расмий ботни аниқлашда эҳтиёт бўлишни сўраймиз», – деди Фаррух Тошпўлатов.

Мавзуга оид