Фарғонада МИБ фаолиятига оид ноодатий ҳолат кузатилди: бюронинг Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси вилоят бошқармасига нисбатан ижро иши қўзғади.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, иш тафсилоти МИБ Фарғона вилояти бошқармаси тафтишчисининг ноқонуний ишдан бўшатилгани билан боғлиқ.

Даъвогар Асқар Юсупов 2020 йил 4 декабрдан МИБ Фарғона вилояти бошқармаси тафтишчиси лавозимида ишлаб келган. Бюро директорининг 2024 йил 8 июлдаги буйруғи билан лавозимидан озод қилинган. Бошқарманинг 2024 йил 17 июлдаги буйруғига асосан эса хизматдан бўшатилган.

Асқар Юсупов Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 3 декабрдаги ажрими билан хизматга тикланган. Бошқармадан унинг фойдасига 217 млн сўм иш ҳақи, 15 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 24 февралдаги ажрими билан иш ҳақи 215 млн сўмга ўзгартирилган.

Даъвогар ҳозирда хизматга тикланган бўлса-да, унга лавозим ва иш ҳақи берилмаганлигини билдириб, даъвони қаноатлантиришни, шунингдек, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва иш ҳақи тўловлари кечиктирилганлиги сабабли компенсация ундиришни сўраган.

ФИБ Фарғона туманлараро судининг 2026 йил 20 июлдаги қарори билан қарздор МИБ Фарғона вилояти бошқармасидан даъвогар Асқар Юсупов фойдасига 78 млн сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи, 564,4 млн сўм компенсация ундириш белгиланган.

2026 йил 10 сентябрда МИБ Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси мазкур қарздорликни ундириш бўйича МИБ Фарғона вилояти бошқармасига нисбатан ижро иши қўзғаган. Тартиб бўйича бошқармага ижро талабларини ихтиёрий бажариш учун 15 кунлик муддат белгиланган.

Қарзни ихтиёрий тўлашнинг 15 кунлик муддати тугаш арафасида. Аммо ҳозирча бошқарма ижро талабларини бажармаган. Агар қарздорлик бу муддатда ёпилмаса, давлат ижрочиси ўз раҳбариятига нисбатан таъсир чораларини кўриши керак бўлади.