Дунё шифокорлари самарали терапия йўқлиги туфайли, коронавирус билан хасталанган ва шифо топган инсонларнинг қон плазмасини аҳволи оғир беморларга қуйиб, уларни қутқариб қолишга ҳаракат қилишмоқда.
Аммо даволашнинг бундай усули самарадорлиги исботланмаган, клиник синовлар эса энди бошланган, тиббиёт экспертлари эса уни қўллаш бўйича бир-бирига зид тавсияларни бермоқда.
Қон плазмаси билан даволаш назарияси оддий ва мантиқийдир. Шифо топган беморларнинг иммунитет тизими инфекцияга қарши курашишни ўрганиб олади. Улар вирусни зарарсизлантирадиган махсус оқсиллар – антинана ишлаб чиқади. Бу оқсиллар (иммуноглобулинлар) қоннинг суюқ қисми – плазма таркибида мавжуд бўлади. Назарияга кўра, уни соғайган донордан олиб, беморга қуйса, антитаналар янги хўжайини вужудидаги вирусларга қарши курашиши керак. Бу усул тиббиётда вирус инфекциялари профилактикаси учун кўпдан бери кенг тарзда қўлланмоқда.
Бироқ, тиббий доираларда уни коронавирусга қарши шифо деб эълон қилишга ҳеч ким шошмаяпти.
Чунки, ҳар қандай дорининг самарадорлиги ва хавфсизлиги клиник синовлар билан исботланиши керак. Янги коронавирус билан боғлиқ вазиятда улар ўтказилмаган. Илмий журналларда бу ҳақда эълон қилинган мақолалар эса шифокорларнинг бир неча беморларни даволаш тажрибаси билан ўртоқлашишдан иборат холос.
Барча расмиятчиликларга амал қилиш учун, коронавирус юқтириб олган ва ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган беморларни етарли миқдорда тўплаш, уларни тасодифий тарзда 2та гуруҳга ажратиш, биринчи гуруҳга антитана мавжуд бўлган донор қони плазмасини қуйиш, иккинчи гуруҳга эса плацебо (фойдасиз ва зарарсиз) эритмани қуйиш керак. Шундан сўнг, ҳар иккала гуруҳнинг даволаниш натижаларини таққослаш орқали, бу усулнинг қанчалик самарали ва зарарсиз эканини аниқлаш мумкин бўлади. Бу ягона тан олинган усулдир.
Бироқ, коронавирус пандемияси шароитида бундай синовларни ўтказишнинг имкони йўқ. Чунки, оғир касалларнинг синов гуруҳига қон плазмаси ўрнига плацебо қуйиш – уларни соғайиб кетиш учун ягона имкониятдан маҳрум қилиши мумкин.
Мумкин бўлган ягона йўл – реанимацияда ётган ва аҳволи оғирлашиб бораётган умидсиз беморни расман тавсия қилинмаган экспериментал усул билан даволашга уриниб кўриш.
SARS атипик пневмонияси бошланган 2003 йилда айнан шундай қилинган ва жуда кўп беморлар қутқариб қолинган. Кейинчалик, қон плазмасини қуйиш амалиёти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан сўнгги чора сифатида маъқулланди ва Эбола, яқиншарқнинг MERS вирусига қарши қўлланди.















