USCIRF Давлат департаментига Ўзбекистонни «махсус кузатув рўйхати»га ўтказишни тавсия этмоқда.

Комиссия раиси Тони Перкинс 2019 йилда Ўзбекистон «диний гуруҳлар учун кўпроқ эркинликни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда сезиларли илгарилашга эришгани»ни қайд этди.

«2019 йилда баъзи ҳукуматлар, айниқса USCIRF билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган 2та давлат томонидан кўрилган ижобий чоралар бизга юқори кўтаринкилик бағишлади», деди Комиссия раҳбари Ўзбекистон ва Суданни назарда тутган ҳолда.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач, АҚШ билан диний эркинлик масалаларида ҳам тез-тез маслаҳатлашувлар ўтказиб турилмоқда, USCIRF билан мунтазам алоқа ўрнатилган. Комиссия аъзолари ва экспертлари 2019 йил давомида 11та давлатга хизмат сафари билан борган бўлса, улар орасидан фақат Ўзбекистонгагина икки марта (май ва сентябрь ойларида) ташриф билан келишган.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео февраль ойи бошида Ўзбекистонга қилган илк ташрифи давомида Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин Холиқназаров ва бошқа диний фаоллар билан ҳам учрашган эди.

2020 йилги ҳисоботда Ўзбекистон ҳақида нималар дейилган?

«2019 йилда Ўзбекистондаги диний эркинлик билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгарди. USCIRF мамлакатни 2005 йилдан буён «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатига киритиб келишига сабаб бўлган омиллар юзасидан ҳукумат муҳим чоралар кўрди», дейилади ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид саҳифасидаги илк сатрларда.

Комиссия Ўзбекистон ҳуқуқни муҳозафа қилувчи органлари томонидан диний гуруҳларнинг таъқиб қилиниши тўхтатилгани, Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилгани, АҚШ ва халқаро ташкилотлар билан диний эркинликлар бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этаётганини эътироф этган.