Иқтисодиёт | 17:32 / 17.05.2020
19609
11 дақиқада ўқилади

Иқтисодий тараққиёт кескин секинлашиши кутилмоқда. Бунинг омиллари нима?

Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олиб бораётган иқтисодий сиёсати юзасидан юзага келаётган ташвишлар ҳақида шарҳлар давом эттирилади.

2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит бозорида кескин шижоат билан қатнаша бошлади. Бу, албатта, назария бўйича жуда маъқул ҳолат, чунки бундай мутлақ ликвидликка эга бўлган ўйинчининг бозорга кириши барча банклар учун ижобий белги. Марказий банкка ҳамма депозит қўя олади ва керак бўлганда олади. Пул-кредит бозорида ликвидлик кучаяди ва бозор уйғунлашади, барқарорлашади.

Аслида нима бўляпти?

Аслида Марказий банк 2019 йил март ойида Халқаро валюта жамғармаси томонидан инфляцияни жиловлаш бўйича берилган кўрсатмаларни сўзсиз бажаришга ва ҳатто, Ўзбекистон иқтисодиёти манфаатларига зид бўлиши мумкин ҳолларда ҳам турли амалларни бажаришга киришмоқда. Келинг, буни бирма-бир кўриб чиқамиз.

2019 йилда реал ялпи ички маҳсулот 5,6 фоиз ўсишига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётидаги умумий пул массаси 2019 йил июль ойидан бери умуман ўзгаришсиз қолмоқда. Иқтисодий тараққиёт одимлари ошганда, умумий пул массаси деярли ўзгаришсиз қолиши қанчалик мантиққа тўғри ва бу иқтисодиётда кенгайтирилган қайта ишлаб чиқариш суръатларини секинлаштирмайдими?

Боз устига, сўнгги 3 ой ичида Марказий банк тижорат банклари ихтиёрида бўлган вақтинча озод бўлган пулларни турли механизмлар билан ўз жамғармаларига жалб қилмоқда. Биргина 1-чоракнинг ўзида банкларнинг пул айланмасидан 810 млрд сўм маблағлар қисқа муддатли депозитларга Марказий банк томонидан жалб қилинган бўлса, яна 146 млрд сўм тунги депозитларга жалб қилинган. 

Энг ажабланарли ҳолат шуки, Марказий банк томонидан ташкил этилган РЕПО ва СВОП аукционлари орқали тижорат банкларига қимматли қоғозлар ва чет эл валютаси эвазига берилган миллий валютадаги пуллар миқдори 893 млрд сўмни ташкил қилади. Боз устига, тунлик (овернайт) РЕПО ва СВОП операциялари бўйича тижорат банкларига 146 млрд сўм миллий валютада вақтинча маблағлар ажратилган. Эътибор билан разм солсангиз, банклардан олинган ва уларга тарқатилган сўм маблағлари ўртасидаги фарқ деярли йўқ. Демак, бу пуллар аслида банклар учун «вақтинча ортиқча» пуллар эмас. Шунчаки, тижорат банклари Марказий банк бошлаган катта ўйинда қатнашишга мажбур ва иқтисодиётни кредитлашдан бутунлай воз кечишлари керак.

Нега бундай ҳолатни кузатяпмиз? Наҳотки, инфляцияни жиловлаш учун, Халқаро валюта жамғармаси кўрсатмаларини тўлиқ бажариш бугунги кунда оғир аҳволда бўлган иқтисодиётни молиявий жонлаштириш ғоясидан устунроқ бўлса?

Мутахассислар «баъзи банкларда вақтинча ортиқча бўлган пуллар бошқаларга керак бўлиши мумкин, шунинг учун ҳам миқдорлар деярли тенг», деб эътироз билдиришлари мумкин. Ҳа, шундай бўлиши мумкин. Ундай бўлса, нега тижорат банклари ўзаро келишиб, ана шундай депозит ва депо операцияларини Марказий банк иштирокисиз амалга оширмайди?

Бу операцияларда Марказий банк асосий роль ўйнашининг битта яққол камчилиги бор: у белгилаган нарх ва қоидаларга ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Нега банклар 1 тунга олган депозитларига йилига 14 фоиз устама тўлаши керак? Ёки Марказий банкнинг ўзи қайси даромади ҳисобидан тижорат банкларига жалб қилинган депозитлар учун 14-15 фоиз миқдорида йиллик устама тўлаяпти?

Тижорат банк депозит берганда катта фоиздан баҳам кўради, лекин ўзи жалб қилганда бундан фақат зарар кўради. Хўш, бир тунга олинган депозит учун 14 фоизлик устамадан кимга фойда-ю, кимга зарар?

Мен шуни аниқ биламанки, 2003 йилда Ўзбекистоннинг йирик банклари ўзаро пул-кредит бозорини Марказий банк иштирокисиз ташкил этганда бур тунлик депозитнинг нархи 1 фоиз йиллик устама эди. Нега энди ҳозирга келиб, худди ўша операциянинг нархи 14 баравар ошиб кетган? Нега Марказий банк асосий товар бўлган ва нархи фақат шу банкнинг қўлида бўлган товар - миллий валютанинг нархини бунча юқори белгилайди? Айнан шу пулнинг баланд нархининг ўзи инфляциянинг асосий локомотиви эмасми?

Банкларнинг нуқтайи назари

2017 йилдан бери эркин конвертация ва миллий валюта курсини бозор талаби ва таклифи ўртасида белгиланиши туфайли хўжалик субъектларининг экспорт-импорт фаолияти кескин ошди. Натижада банкларнинг ҳам ўз мижозларидан сотиб оладиган ва сотадиган чет эл валютаси миқдорлари кескин ошди. 2018 йилда Марказий банк тижорат банкларининг «очиқ валюта позицияси» (ОВП)га бўлган талабларни анча юмшатди ва банкларга унинг (ОВП) ҳар бир валюта бўйича ҳажми ва умумий лимитларини анча либераллаштирди. Яъни банклар эндиликда кўпроқ миқдорда валюта тўплаб, ўз ҳисобидан хўжалик субъектларини кредитлаш қобилиятига эга бўлди. Бу, албатта жуда позитив ҳолат.

2019 йил январь-апрель ойларида Республика валюта биржасида юридик шахслардан тижорат банклари 2959 млн АҚШ доллари сотиб олган бўлса, 2020 йил шу ойларида бу кўрсаткич 3123 млн АҚШ долларини ташкил этди (ўсиш 5,54 фоиз). Лекин ана шу давр мобайнида юридик шахсларга сотилган чет эл валютаси миқдорлари тегишли равишда 1811 млн АҚШ доллари ва 1628 млн АҚШ долларини ташкил этиб, Марказий банк томонидан интервенция ҳажми 1148 млн АҚШ доллари ва 1495 млн долларни ташкил этди (ўсиш 30,23 фоиз). 

Айнан шу даврда, 2020 йилнинг январь-февраль-март ойларида тижорат банкларидаги аҳоли ва юридик шахсларнинг депозитлари тегишли равишда 28480, 29058 ва 27471 млрд сўмга эквивалент миқдорда бўлди. Яъни 3,67 фоизга, агар шу даврдаги девальвацияни (0,8 фоиз) ҳисобга олсак, 3,59 фоизга камайди.

Айтиш керакки, тижорат банклари бозор ва мижозлар тазйиқи остида ўз ихтиёрида бўлган ОВП ресурсларини аста-секин сотишга мажбур бўлишяпти. Чунки 2019 йилда биржадан ташқари савдоларда тижорат банклари юридик шахсларга 939 млн АҚШ доллари миқдорида ресурс сотган бўлсалар, 2020 йилда 1063 млн АҚШ доллари миқдорида валюта сотилди (ўсиш 13,2 фоиз). Лекин Марказий банк қўшган ҳисса билан, тижорат банклар қўшган ҳисса орасидаги фарқ 140,64 фоиз!

Банклардаги чет эл валютасида бўлган депозитлар миқдори камаймагани ҳолда, Марказий банк томонидан валюта интервенцияси миқдори 30 фоиздан кўп ўсиши тижорат банклари томонидан валюта сотишга қизиқиш жуда катта эмаслиги ва улар миллий валюта алмашув курсининг барқарорлигига кўп ҳам ишонмаётганини билдиради.

Банклар ўз валюталарини сотишга унчалик шошмагани ҳолда, юридик шахслар ҳам бу амалга қўл уряпти. Агар 2019 йилнинг дастлабки 3 ойида мамлакат ички бозоридаги барча таклифнинг 55 фоизи юридик шахслар томонидан қопланган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 49 фоизга тушиб кетди.

Мижозлар манфаати

Марказий банк томонидан миллий валютанинг депозитларга массив жалб қилиниши ва банкларда тобора чет эл валютаси ОВП шаклида кўпайиб бораётгани туфайли «2020 йилнинг дастлабки чорагида ҳам миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларида ўсиш кузатилиб, январь ва февраль ойларида мос равишда 25,8 ва 25,6 фоизни ташкил этди. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар эса пасайишда давом этди ҳамда декабрь ойидаги 7,7 фоиздан январь ойида 7,5 фоизгача ва февраль ойида 7,3 фоизгача пасайди».

Яъни, юридик шахслар учун миллий валютада кредит олиш умуман иложсиз бўлиб, чет эл валютасида кредит олиш фойдалироқ бўлган сунъий вазият ҳозирги тарзда юзага келган.

Натижада «2020 йилнинг дастлабки чорагида иқтисодиётга ажратилган кредитлар жами қолдиғи 5,9 фоизга ёки 12,3 трлн сўмга ошиб, 220,6 трлн сўмга етди. Бунда, миллий валютадаги кредитлар қолдиғи 5 фоизга (5,7 трлн сўмга) ҳамда хорижий валютадаги кредитлар қолдиғи эса 7,1 фоизга (6,7 трлн сўмга) кўпайди».

Хўш, айтинг-чи, мижозларга бугунги кунда чет эл валютасида кредит олиш қанчалик маъқул иш?

Биринчидан, мижозларга кўп ҳолатда кредит ресурслари асосий ишлаб чиқариш воситаларини сотиб олишга керак. Улар бу воситаларни фақат Ўзбекистонда фаолият юритувчи чет эл машина ва механизмларини ишлаб чиқарувчи чет эл корхоналарининг дилерлари орқали сотиб олишлари мумкин. Бугунги кунда деярли ҳеч бир ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон ҳудудида дилерларсиз иш тутмайди, демак кредит сўмда керак, хориж валютасида эмас;

Иккинчидан, мижоз кредитни чет эл валютасида олиб, ишлаб чиқарувчига тўлаб берган тақдирда ҳам, ана шу нарх ичида маҳаллий дилернинг харажатлари ва фойдаси ўтирган бўлади (маҳаллий солиқлардан ташқари). Демак, ортиқча миқдорда валюта Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетади;

Учинчидан, мижозлар валюта алмашув курси кескин ўзгарганда жуда катта талафотлар кўриши мумкин. Биламизки, бундай хатардан ҳеч қайси иқтисодиёт ҳимояланган эмас.

Асосий кўрсаткичлар динамикаси жуда ташвишли

Марказий банк асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг 2020 йил давомида ўзгариш прогнозларини янгилади. Бу прогнозларда бизни ташвишга солаётган ачинарли аҳвол асосий капиталнинг ялпи жамғарилиши даражаси 2019 йил даражасидан 5 баравар паст белгиланиши, яъни ишлаб чиқаришни қайта қуроллантириш, янги техника сотиб олиш истиқболлари деярли йўқлигидир.

Нега бундай ҳол юз бериши мумкин деган саволга Марказий банкнинг инфляцияни жиловлаш каби олий мақсади йўлида иқтисодиётга ажратилаётган кредитларнинг ялпи миқдори ва қолдиқларини кескин камайтириш борасидаги жами ҳаракатлари сабаб бўлади деган жавоб берилишидан ташвишдамиз. 

Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози
(ўсиши, ўтган йилга нисбатан фоизда)

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари

Юқоридаги жадвалдан кўриниб турибдики, Марказий банк иқтисодиётга ажратиладаган кредитлар қолдиғини 2019 йил даражасида, деярли ўзгаришсиз қолдиришни мақсад қилиб қўйган. Агар йиллик инфляция даражаси 14,5 фоиз деб белгилангани ва кредитлар фоизининг ўзи 26-28 фоиз экани ҳисобга олинса, бу белгиланган кўрсаткичлар аслида иқтисодиётга бериладиган кредитлар фақатгина қайтиб тўланган кредитларнинг бир қисми ҳисобигагина бўлади деб тушуниш керак. Яъни иқтисодиётда ҳеч қандай кредитлар ҳисобига ўсиш бўлмайди.

Натижада фақатгина банкнинг кредит ресурсларига таяниб қолган кичик ва ўрта бизнес умуман ривожланмайди. Иккинчи тарафдан эса, давлатнинг марказлаштирилган молиялаштириш ҳисобига олиб борилаётган қурилишларида қатнашаётган катта-катта корхоналар эса янада кучаяверади. Улар билан кичик бизнес ўртасидаги тафовут янада кенгаяди. Демак, хом ашё ресурсларига бўлган талаб камайиши ва коронавирус туфайли юз берган ҳозирги иқтисодий инқироздан тикланиш анча оғир бўлади ва узоқ кечади. Бу эса ўз навбатида, ишсизлик кўпайиши, аҳолининг реал даромади пасайишини билдиради.

Абдулла Абдуқодиров
Иқтисодий шарҳловчи.

Мавзуга оид