Visual Capitalist тақдим этган инфографика Иқтисодий ва бизнес тадқиқотлари маркази — Centre for Economics and Business Research (Cebr) тайёрлаган «World Economic League Table 2026» ҳисоботига асосланган. Унда 190 та мамлакат ва ҳудуднинг 2040 йилдаги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми бўйича прогнозлар келтирилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, жаҳон иқтисодиёти 2026 йил учун баҳоланган қарийб 124 триллион доллардан 2040 йилда 227 триллион долларгача ўсади. Бу 14 йил давомида тахминан 103 триллион долларлик қўшимча ҳажм ёки 83 фоизлик номинал ўсишни англатади.
Бу ерда «номинал» тушунчасига эътибор бериш керак. Кўрсаткичлар ҳар бир йилда амалда бўладиган нархларда, АҚШ долларида ҳисобланган ва инфляция таъсиридан тозаланмаган. Демак, 83 фоизлик ўсиш ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар миқдори ҳам айнан шунча кўпаяди, дегани эмас. Нархлар ва валюта курсларининг ўзгариши ҳам долларда ифодаланган ЯИМ ҳажмига таъсир қилади.
Cebr баҳосига кўра, 2026 йилда АҚШ иқтисодиёти ҳажми 31,6 триллион долларни ташкил этиб, жаҳон ЯИМнинг қарийб 26 фоизига тенг бўлади. Хитой учун эса бу кўрсаткич 20,9 триллион доллар ёки дунё иқтисодиётининг тахминан 17 фоизи даражасида баҳоланган.
Шу тариқа, икки йирик иқтисодиёт ўртасидаги фарқ 2026 йилда 10,7 триллион доллар атрофида бўлиши кутилмоқда. 2040 йилга бориб эса бу тафовут 5 триллион долларгача — ҳозирги прогноздаги даражанинг ярмидан ҳам камига тушиши мумкин.
Прогнозга мувофиқ, 2040 йилда АҚШ ЯИМ 52,9 триллион долларга етади ва мамлакат биринчи ўринни сақлаб қолади. Хитой иқтисодиёти эса 47,9 триллион долларгача ўсиб, иккинчи ўринда бўлади. Яъни Хитой АҚШга анча яқинлашади, бироқ ушбу прогноз доирасида 2040 йилгача уни ортда қолдирмайди.
Айни вақтда, уларнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши турлича ўзгаради: Хитойники 17 фоиздан 21 фоизга кўтарилиши, АҚШники эса 26 фоиздан 23 фоизга камайиши кутилмоқда. АҚШ иқтисодиётининг доллардаги ҳажми ўсса ҳам, бутун жаҳон иқтисодиётидаги нисбий улуши қисқариши мумкин.
Бу рейтингни харид қобилияти паритети бўйича ҳисобланадиган ЯИМ билан адаштирмаслик лозим. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Хитой 2026 йилда ушбу кўрсаткич бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Харид қобилияти паритети мамлакатлар ўртасидаги нархлар фарқини ҳисобга олади: бир хил миқдордаги пулга турли давлатларда қанча товар ва хизмат сотиб олиш мумкинлигини таққослайди. Инфографикада эса жорий долларда ҳисобланган номинал ЯИМ келтирилган.








