Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунёда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони 8,3 миллиондан ошди, қарийб 450 минг киши ушбу касалликдан вафот этди.

Айни вақтда Лотин Америкаси инфекция тарқалишининг асосий ўчоғи бўлиб қолмоқда, қатор давлатларда эпидемиянинг иккинчи тўлқини кузатилмоқда.

BBC дунёдаги Covid-19 пандемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни келтирди.

Британиядаги вазият
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Россия, Хитой ва Эрон пандемия билан боғлиқ вазиятдан ўз манфаатларини илгари суришда фойдаланаётгани ҳақида гапирди. У Хитой ҳукумати Ҳонгконг устидан назоратни кучайтираётганини мисол тариқасида келтирди.

Раабнинг фикрича, Россия интернет платформалари ва бошқа воситалар орқали мунтазам равишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалалар бўйича ёлғон хабарлар ва ташвиқот тизимини йўлга қўйган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу айбловларни абсурд деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россия эпидемия бошланганидан буён бор имкониятларини ишга солган ҳолда вирусга қарши курашда дунё билан ҳамкорлик қилмоқда.

Бу вақтда Лондон Қироллик коллежи олимлари ижтимоий тармоқлар, Facebook ва YouTube каби платформалар жамоатчилик соғлигига таҳдид солиши, чунки бу жойларда коронавирус тарқалиши ва табиати ҳақида конспирологик назариялар тарқатилиши ҳақидаги тадқиқот натижаларини эълон қилишди.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги бундай хабарлар туфайли карантинга риоя этишни аҳмоқлик деб ҳисоблашмоқда ва ҳукумат жорий этган тартибларни бузишмоқда. Март-апрель ойларида ўтказилган ўрганиш жараёнида олимлар Британиядаги кўпчилик интернет фойдаланувчилари Covid-19 атайлаб лабораториядан чиқариб юборилгани ёки 5G алоқа миноралари коронавирус тарқатиши ҳақидаги чўпчакларга ишонишини аниқлашган.

Чарльз ҳид билиш қобилиятини йўқотди
Британ тахти вориси шаҳзода Чарльз шифокорлар билан учрашув вақтида унда коронавирусни бошдан кечирганидан сўнг ҳид ва таъм билиш қобилияти тикланмагани ҳақида тан олди. Маълумки, бу ҳисларни йўқотиш Covid-19 аломатлари ҳисобланади.

Шифохона ходимлар билан суҳбат давомида Чарльз касалликни енгиб ўтиш тажрибаси ҳақида гапирган. 71 ёшли шаҳзодага март ойидаёқ коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганди. Унда касаллик ўрта оғирликда кечган, аммо у шифохонага ётқизилмаган ва Шотландиядаги қасрда иҳоталанганди.