Ўзбекистонда касаллик варақалари бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди
Президентнинг 19.03.2020 йилдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлаш вазири ўз буйруғи билан Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритди.
Norma’нинг ёзишича, ўзгартиришларга асосан Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ўтказиб юборилган кунларга қуйидаги ҳолларда ҳам берилади:
мактабгача таълим ташкилотида ёки 6 ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин ҳолатида. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) органлари томонидан берилади. Тузатишлар билан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддатини чеклаш бекор қилинди – 14 кунгача;
бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилганда ёки атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касалликлар билан оғриган беморларга, паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларигa берилади (илгари – давлат санитария назоратининг мансабдор шахси томонидан белгиланган муддатга). Кўрсатилган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси электрон шаклда берилиши мумкин;
юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига, шу жумладан электрон шаклда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) органлари эпидемиологи ёки санитар врачи томонидан берилади;
уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.
Мазкур ўзгартиришлар Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган.
Ҳужжат 15.06.2020 йилдан кучга кирди.