Авторақамлар савдоси кескин ошди
8-21 июнь кунлари 12,9 млрд сўмлик 4,3 мингта авторақамлар сотилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июндаги 350-сон қарори қабул қилиниши билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Avtoraqam савдо тизимида авторақамларнинг онлайн сотувларини кескин ўсиши кузатилмоқда.
Биржа хабарига кўра, жорий йилнинг 8-21 июнь кунлари avtoraqam.uzex.uz сайтида жами 12,9 млрд сўмлик 4,3 мингта авторақамлар сотилди ва бу юқоридаги қарор қабул қилинишидан аввалги мос даврга нисбатан 43 фоизга кўп.
Бунда сотилган авторақамларнинг сони бўйича ўсиш 2,5 баробарни, харидорларининг сони бўйича 3,3 маротабани ташкил қилди. Ўтказилган аукционлар мобайнида битта лотга ўртача 41 та таклифлар келиб тушди, ўсиш 23,4 фоизни ташкил қилди.
Авторақамлар бўйича савдоларнинг фаоллашуви биржанинг онлайн-аукциони орқали сотиладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (РЎДРБ) тоифаларининг кенгайиши, шунингдек, уларнинг баъзиларининг бошланғич нархларининг пасайиши билан боғлиқ экани айтилади.
Тошкентда ҳарфлар комбинацияси бир хил бўлган авторақамларнинг бошланғич қиймати 50 БҲМдан (базавий ҳисоблаш миқдори) 40 БҲМгача, ва мос равишда ҳар хил комбинацияли авторақамларнинг нархи 40 БҲМдан 30 БҲМгача пасайтирилган.