Бугун, 1 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Дорихоналарда коронавирусдан ҳимоя қиладиган қиммат бейдж (вирус блокатор) сотилмоқда. Айтишларича, у 2 метр масофагача вирусдан ҳимоя қилармиш. Бейдж — сотиб олишга арзийдими?

Вируслар блокатори — Японияда кашф қилинган индивидуал бейдж, ҳозирги вақтда уни Россия компаниялари ҳам ишлаб чиқармоқда. Кашфиётчиларнинг таъкидлашича, бейджга киритилган диоксид хлорид моддаси инсон атрофидаги ҳавони зарарсизлантиришга ҳамда бактерия, вирус ва қўзиқоринларни йўқ қилишга ёрдам беради.

Афсуски, бундай баёнотлар бейджлар ҳақиқатан инсон атрофида тозаликни таъминлашга қодирлигини далилловчи бирор асосланган илмий мақолага таянмаган. Диоксид хлор буғ шаклида А грипп вируси фаоллигини пасайтиради, бунинг учун уни пластик ёки қоғозга киритиш эмас, балки сепиш керак. Бундан ташқари, тажрибада моддани фақат битта касаллик қўзғатувчисида синовдан ўтказишган, ишлаб чиқарувчилар эса барча мавжуд микроорганизмлардан 99 фоизга ҳимоялашини айтишмоқда.

23 июнь куни коронавирусга тест топширганман, ҳалигача жавоби келмади. Маълумотнома берилмайдими? Ишга киришим керак.

Коронавирусни аниқлаш учун олинган таҳлил мусбат чиққанда сизни албатта клиникага олиб кетган бўлишарди. Демак, таҳлил манфий чиққан. Агар ишхонага ёки бошқа манзилга топшириш учун маълумотнома керак бўлса, таҳлил топширган жойга паспорт билан мурожаат қилишингиз зарур ва маълумотнома етказиб берилади.

Ўзбекистонда ПЗР тестлар фақатгина коронавирус қўзғатувчисини аниқлайдими ёки грипп ва бошқа инфекцияларни ҳам аниқлаши мумкинми?

ПЗР тест диагностикаси нафақат коронавирусни текширади, балки барча вирус ва бактерия қўзғатадиган юқумли касалликларни аниқлаб беради. Коронавирус ва грипп касаллиги ўхшаш, аммо фарқли томонлари ҳам кўп. Грипп қўзғатувчисини ҳам ПЗР усули билан аниқлаб ажратиш мумкин.

Коронавируснинг енгил даражаси билан касалланган беморларнинг уйда даволаниши мумкинлиги ростми?

Ҳақиқатан, 5 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашнинг янги тартиби жорий қилинади. Беморлар уч тоифага бўлинади:

  • коронавирус инфекциясининг енгил даражаси билан касалланган беморлар (касаллик аломатларисиз);