Душанбеда уч поғонали йўлнинг иккинчиси фойдаланишга топширилди
10 июль куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбе мэри Рустам Имомали билан бирга мамлакат пойтахтидаги уч қаватли йўлни очиб берди.
Президент матбуот хизмати хабар беришича, ушбу уч қаватли йўл Душанбе шаҳридаги Исмоил Сомоний ва Абу Али ибн Сино шоҳкўчалари кесишган чорраҳада қурилган. Иншоот Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки ва Словакия ҳукумати томонидан ажратилган донорлик маблағлари ҳисобига бунёд этилган.
Ушбу уч қаватли йўл режа бўйича баҳорда очилиши керак эди. Аммо мамлакатда карантин чекловлари жорий этилиши ишни ортга сурган.
Бу Тожикистон пойтахтида қурилган иккинчи уч қаватли йўл иншооти ҳисобланади. Мураккаб турдаги бундай йўлнинг биринчиси Душанбе шаҳрида, Нусратулло Махсум ва Бобожон Ғафуров кўчалари кесишган чорраҳада 2018 йил сентябрь ойида очилган эди. Ўшанда ҳам уч қаватли йўлни Имомали Раҳмон ва ўғли Рустам Имомали очиб беришганди. Душанбеда қурилган уч қаватли йўлнинг биринчисига ҳам Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағ ажратганди.
Маълумот учун, Тошкентда қурилган ва «Ўзбекистон 24» телеканалида «Марказий Осиёда ягона» деб таъриф берилган уч қаватли йўл 2020 йил 21 май куни очилганди.
Бундай турдаги уч қаватли йўл Марказий Осиёнинг бешта республикасидан тўрттасида мавжуд. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида биринчиси 2016 йилда фойдаланишга топширилган, иккинчисининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бундай йўл 2017 йилда фойдаланишга топширилган.
Мавзуга оид
20:19 / 08.08.2024
Тожикистонда Хитой билан ҳамкорликда ҳарбий база қурилиши рад этилди
09:59 / 19.01.2024
Брюссел Душанбени журналистларга босим ўтказишни тўхтатишга чақирди
10:31 / 14.09.2023
Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Душанбеда йиғилиш ўтказди
11:43 / 13.09.2023