21 август куни Тожикистон пойтахти Душанбеда янги Миллий стадион фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Душанбе шаҳри раиси Рустами Имомали иштирок этди.

Спорт мажмуаси 9,5 гектар майдонни эгаллайди ва 30 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган. Икки ярусли трибуналар пастки қаватда 12 мингдан ортиқ, юқори қаватда эса 18 минг кишини сиғдиради.

Миллий стадион ФИФА халқаро талабларини ҳисобга олган ҳолда қурилган бўлиб, иккинчи халқаро тоифага мансубдир. Бу ерда юқори даражадаги клуб ўйинлари ва халқаро мусобақаларни ўтказиш имконини беради. Стадион беш қават ва ертўладан иборат бўлиб, баландлиги 33 метрга етади.
Арена марказида 105х68 метр ўлчамдаги футбол майдони жойлашган бўлиб, бу халқаро ўйинларни ўтказиш бўйича ФИФА талабларига жавоб беради. Майдон атрофида 130х87 метр ўлчамдаги спорт зонаси мавжуд.

Томошабинлар учун 68 та электрон турникет ўрнатилган, стадион ҳудуди эса тўртта асосий секторга ажратилган. Бундай тартиб мухлисларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаши, одамлар тўпланишининг олдини олиши ва эвакуацияни тезлаштириши лозим.
Ўйинларни ҳар бирининг майдони 133 квадрат метр бўлган иккита катта LED экранда томоша қилиш мумкин бўлади. Объектдаги хавфсизликни 50 та видеокузатув камераси ва 10 та оддий камера назорат қилиб туради. Ёнғинга қарши ҳимоя тизими 1000 дан ортиқ интеллектуал ёнғин сигнализациясидан иборат.
Жамоалар учун 104 ўринли тўртта кийиниш хонаси кўзда тутилган. Расмий ва фахрий меҳмонлар учун умумий сиғими 750 кишидан ортиқ бўлган VIP заллари жиҳозланган.
Стадион фасади алюминий панеллардан ишланган. Тунги вақтда ундан катта медиапроекция экрани сифатида фойдаланиш мумкин: проекция тизимининг майдони 30 минг квадрат метрдан ошади.
Стадион ёнида 750 дан ортиқ автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ ташкил этилган. Ободонлаштирилган ҳудуд 3 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайди.
Имомали Раҳмон Тожикистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб Миллий стадионнинг очилишини мамлакат учун муносиб совға деб атади.
Янги стадион фақат футбол ўйинлари учун мўлжалланмаган. Унинг майдонида халқаро мусобақалар, кенг кўламли маросимлар, шоулар ва бошқа маданий-кўнгилочар тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.









