Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Душанбе шаҳри мэри Рустам Имомали 3 сентябр куни пойтахтнинг Шоҳмансур туманида кўп функцияли меъморий хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилишининг тамал тошини қўйди.

Янги мажмуанинг марказий объекти баландлиги 340 метр, 77 қаватдан иборат бўлган «Душанбе минораси» биноси бўлади. У минтақадаги энг баланд иншоотга айланади. Меъморий мажмуа таркибига жами 52 та объект, жумладан, бешта осмонўпар минора ва минтақадаги энг йирик савдо-кўнгилочар марказ киради.

glavnaya
Тожикистон президенти матбуот хизмати

Лойиҳа меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, савдо майдонлари, офислар, 1000 ўринли концерт зали, кинотеатр, болалар ҳудуди, спорт мажмуаси, боғ ва кўл билан бирга кўп функцияли макон яратишни кўзда тутади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 6160 та хонадонга эга 42 та турар-жой биноси, 1200 нафар ўқувчига мўлжалланган умумтаълим муассасаси ҳамда 500 ўринли болалар боғчаси қурилади.

6-1-1392x928
Тожикистон президенти матбуот хизмати

Мажмуа ҳудудининг умумий майдони 29 гектарни ташкил этади. Қурилиш якунланганидан сўнг бу ерда 270 минг квадрат метр майдонда ишлаш, яшаш, дам олиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга мўлжалланган замонавий турар-жой ва ишбилармонлик кластери яратилади. Лойиҳа 4300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Мажмуа қурилиши «Tas International Group» компанияси томонидан 5 йилда амалга оширилиши кутилмоқда. Қурилишга 2000 дан ортиқ маҳаллий қурувчи жалб этилади.

Аввалроқ мажмуанинг лойиҳавий ечимини тайёрлашга масъул бўлган Cool Design Studio компанияси объект қурилишида Тожикистон компанияларидан ташқари Ўзбекистон, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларининг ихтисослашган компаниялари ҳам иштирок этишини маълум қилганди.