Kun.uz сайтида фуқаролар Зиёдахон ва Фотима Мусахўжаеваларнинг омонатда сақлашга берилган пуллари “Туронбанк”нинг Зангиота филиали томонидан қайтарилмай келаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.
Мазкур масала юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпулатов олиб борилаётган ижро ҳаракатлари ҳақида маълумот берди.
Мажбурий ижро бюроси Зангиота туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2019 йил 10 июндаги 2-1104-1803/13121-сонли ижро варақасига асосан қарздор АТБ “Туронбанк” Зангиота филиалидан ундирувчи З.К.Мусаходжаева фойдасига жами 426.462.937 сўм ва ундирувчи Ф.Х.Мусаходжаева фойдасига жами 426.462.937 сўм хамда давлат фойдасига 33.054.280 сўм давлат божи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2019 йил 19 августда бўлим иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 23-моддасига асосан “ижро иши юритишни қўзғатиш тўғриси”да қарор чиқарилиб томонларга юборилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номидаги мол-мулкларни аниқлаш мақсадида “МИБ портал” электрон дастури орқали сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга асосан автотранспорт воситалари аниқланган. Қарздор АТБ “Турон банк” Зангиота филиалининг балансида бўлган 10 та автотранспорт воситаларига нисбатан давлат ижрочисининг қарорига асосан қидирув эълон қилииб, ижросини таъминлаш ИИББ ЙХХБ органлари зиммасига юклатилган.
Ижро ҳаракатлари давомида 2019 йил 25 октябрь куни АТБ “Турон банк” Зангиота филиалининг барча ҳисоб рақамлари тўғрисида маълумотлар олиниб, шу куни ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари юборилган.
Қидирув натижаларига кўра 2019 йил 12 ноябрь куни қарздорга тегишли 3 та автотранспорт воситалари хатланиб, далолатнома расмийлаштирилган ва вақтинчалик сақлашлик учун АТБ “Турон банк” Зангиота филиалининг ходими Ж.З.Юлдашевга ЖКнинг 232-моддаси билан огоҳлантирилган ҳолда топширилган.
Шунингдек, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 2019 йил 11 ноябрь куни АТБ “Турон банк” Зангиота филиалининг барча ҳисоб рақамларига банд солиш тўғрисида қарори ва инкассо топшириқномалари юборилган.
Бундан ташқари 2019 йил 18 ноябрь куни қарздор АТБ “Турон банк” Зангиота филиали биносида амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида жами 107 турдаги мол-мулклар рўйхатга олиниб хатланган ва вақтинчалик сақлашлик учун белгиланган тартибда АТБ “Турон банк” Зангиота филиалининг ходими А.Э.Абдужалиловга топширилган.















