Жамият | 14:52 / 30.07.2020
7466
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари коронавирус статистикасига оид фикрларга муносабат билдирди

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида коронавирусга чалинган беморларнинг ҳақиқий статистикаси эълон қилинмаётгани ва хориждаги ватандошларни қайтармаслик ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди.

«Соғлиқни сақлаш тизимига тегишли ҳудудлардан юборилаётган барча маълумотлар йиғилиб, ошкор қилиб борилмоқда. Бироқ тана ҳарорати кўтарилган ёки ҳолсизланган ва ҳеч кимни хабардор қилмасдан уйида қолаётган инсонлар ҳақида маълумотга эга эмасмиз.

Агар фуқаролар оилавий поликлиникалар, уларнинг патронаж тизимига ёки бирор клиникага маълумот бермаса, кимдир сўраганда аҳволим яхши деб жавоб берадиган бўлса, бу статистикага тушадиган маълумот бўла олмайди. Ва биз бундай фуқаролардан касал сифатида хабардор бўлмаймиз», деди Беҳзод Мусаев.

Бош вазир ўринбосари шу кунга қадар касаллик қарийб 80 фоиз ҳолатда енгил ва симптомсиз ўтганини ва шунинг учун беморларнинг ҳаммасини қамраб олишни таъминлаш мақсадида оилавий поликлиникалар қошида алоҳида мобил гуруҳлар тузилганини, бу гуруҳлар уйма-уй юриб беморларни рўйхатга олаётганини ҳам айтиб ўтди.

Шунингдек, у хориждан олиб келинаётган ватандошлар масаласига ҳам тўхталди.

«Хориждан келаётган ватандошларимиз унутилгани йўқ. Ҳозирга қадар 200 мингдан ортиқ фуқаролар ватанга қайтди, эпидемия ривожланишига қарамай чегараларни ҳам ёпмадик. Айни пайтда кунига 2 минг нафардан ортиқ фуқаро чартер рейслари орқали ёки қўшни давлатлар чегарасидан Ўзбекистонга кириб келмоқда.

Хориждаги ватандошларимизни қайтариб олиб келмаслик ҳақида кўп мулоҳазалар ҳам бўлди. Бироқ нега бундай бўлиши керак? Бу ер - уларнинг ватани, бу ерда уларнинг ота-онаси, оиласи бор. Шунинг учун уларни ҳам ватанга қайтариш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда», дея қайд этди у.

Мавзуга оид