Ўзбекистон | 17:43 / 30.07.2020
1800
7 дақиқада ўқилади

Сейсмик риск харитаси ва мобил илова, биноларнинг электрон техник паспортлари яратилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Президент қарори билан, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, шунингдек кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш;

2021 йил 1 майдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичларини назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда мазкур амалиёт жорий этилиши учун масъул бўлган ташкилотлар ҳисобланади.

Шакллантирилган электрон техник паспортлардан сейсмик хавф прогнози мавжуд бўлган ҳолларда бинолар ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ўрганиш, содир бўлиши кутилаётган зилзилага тайёргарлик кўриш ва унинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Қурилиш вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:

2020 йил 1 декабрга қадар бино ва иншоотларни электрон техник паспортлаштириш услубиётини ишлаб чиқади;

2021 йил 1 декабрга қадар:

·        минтақавий даражадаги сейсмик хавфни баҳолашнинг илмий-услубий асосларини, шунингдек Ўзбекистон ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитасини ишлаб чиқади;

·        кучли зилзилаларни ўз вақтида прогноз қилиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда тегишли профилактик чора-тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида майда масштабли сейсмик риск харита базасида дастурий таъминотни яратади ва аҳоли хабардорлигини доимий таъминлаб боради.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг сейсмик ва комплекс прогностик станциялари билан прогноз маълумотлар алмашинуви жараёнига автоматлаштирилган тизимни жорий этади;

Фанлар академияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2020 йил якунига қадар Марказий Осиё ҳудудида сейсмик хавф-хатарни прогноз қилиш масаласи юзасидан қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

Фанлар академияси ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:

·        2021 йил 1 апрелга қадар фуқаролар учун зилзила вақтида тегишли ҳаракат ва тадбирларни амалга ошириш бўйича услубий қўлланмани;

·        маҳаллий хомашёдан хусусий уйларни (индивидуал биноларни) қуришда элементар сейсмик мустаҳкамлик чораларини кўриш бўйича услубий қўлланмани ишлаб чиқади ва аҳоли ўртасида кенг тарғибот тадбирларини амалга оширади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар:

·        аҳолига содир бўлган зилзила бўйича тўлиқ маълумотлар етказилишини таъминловчи мобиль иловани яратади;

·        Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг расмий веб-сайти, маълумотлар базаси ва мобиль илова ўртасида тезкор маълумотлар алмашинуви интеграциясини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:

·        2020 йил 1 ноябрга қадар барча сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлик ҳолатини баҳолаш бўйича экспресс услубиётни ишлаб чиқади;

·        2021 йил 1 июнга қадар сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик заифлигини баҳолаш паспортларини шакллантиради ва уларнинг аниқланган сейсмик заифлигини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда муҳокама қилиш ва тасдиқлаш учун Кенгашга киритади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 декабрга қадар соҳадаги малакали мутахассис ва олимларни жалб қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини;

2021 йил 1 мартга қадар 2030 йилгача бўлган муддатда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига халқаро ташкилотлар грантларини жалб қилади, шунингдек соҳа мутахассислари учун хорижий мамлакатларда ўқиш, стажировка ўташ ва малака оширишни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган муддатларда:

·        Жамғарма фаолиятини ташкил этади;

·        республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларини доимий амалга ошириш тизимини яратишни ҳамда бунга масъул ташкилотларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорларини қабул қилади;

·        Лаборатория фаолиятини тўлиқ ташкил этиш учун зарур бўлган айрим асбоб-ускуналар билан; Фанлар академияси М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтини бино билан таъминлаш чораларини кўради;

·        Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид