Жамият | 11:41 / 12.08.2020
2212
2 дақиқада ўқилади

Мобил гуруҳлар коронавирусдан бошқа касалликка чалинган беморларга ҳам хизмат кўрсатади - Штаб аъзоси

АОКАда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуриллаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб берилди. Хусусан, мурожаатлардан бирида Covid-19’ни юқтиришда қайси гуруҳ ҳомиладор аёллар хавф гуруҳига кириши ҳақида сўралган.

«Биринчи навбатда қандли диабет, ўпканинг сурункали касаллиги, юрак қон-томир касалликлари, камқонликнинг оғир даражалари, суст иммунитет ва сурункали жигар, буйрак касалликлари мавжуд бўлган ҳомиладор аёллар Covid-19`ни юқтириши хавфли ҳисобланади», - деди штаб аъзоси.

Бундан ташқари, профилактика учун қабул қилиш мумкин бўлган витаминлар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Махсус витаминларни қабул қилиш зарурияти йуқ. Ҳозирги пайтда инсонлар соғлом овқатланишлари керак ва албатта мева-сабзавотларни истеъмол қилиш керак. Шу билан бирга, иложи борича уй шароитида тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш лозим», деди Наргиза Нуруллаева.

Штаб аъзоси бугун умумий амалиёт шифокори ва мобил гуруҳлар кимларга хизмат кўрсатиши ҳақида саволга ҳам жавоб берди.

«Поликлиникаларда ташкил этилган мобил гуруҳлар Covid-19 ва пневмония аломатлари бўлган беморларни, шунингдек касалхонада даволаниб қайтган беморларни кузатиш, тиббий ёрдамга максимал даражада киришни таъминлаш ва касалхонада даволанишдан кейин асоратларни олдини олиш учун тузилган.

Бундан ташқари, мобил гуруҳлар уй шароитида сурункали касалликларга чалинган беморларга, кўрсатмалар бўйича ҳомиладор аёллар ва болаларга патронаж хизматларини кўрсатадилар», дея Наргиза Нуруллаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид