Жаҳон | 00:24 / 15.08.2020
8025
5 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 21 миллиондан ошди

Дунёда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони 21 миллионлик нуқтадан ўтди. Европада вирус тарқалиши авж олиши туфайли Британия Франция, Нидерландия ва Мальтадан келувчилар учун 14 кунлик карантин жорий этди. Ушбу мамлакатлардан қайтувчи британияликлар ҳам ушбу қоидага риоя қилишлари шарт. Янги Зеландияда ҳам локдаун узайтирилди.

Британия: Франция ва Нидерландиядан келувчилар учун карантин
Жума тонги қитъа бўйлаб таътилга отланган британияликларни ўйга солувчи янгилик билан бошланди.

Британия Транспорт вазири Грант Шэппснинг маълум қилишича, Лондонда Европанинг юқори касалланиш даражасига эга мамлакатлари - Франция ва Нидерландиядан келувчиларни карантинга олишдан бошқа чора қолмаган. Шунингдек, 15 август тонгги соат 4:00дан (Лондон вақти билан) жорий этилувчи 14 кунлик карантин Монако, Мальта, Теркс ва Кайкос ороллари ҳамда Аруба оролидан келувчилар ҳам амал қилади. Испаниядан қайтувчилар ҳам июль ойи охиридан бери икки ҳафталик карантинга ўтиришга мажбур.

Ҳозирда Францияда 160 мингга яқин британиялик сайёҳ мавжуд. Карантин ҳақидаги эълондан сўнг Франциядан Британияга учувчи жума кунги рейслар нархи сезиларли даражада ошган, чипталар эса деярли қолмаган.

Франция ва Нидерландияда касалланиш ҳолатлари ўсди
Франция Лондон чиқарган қарордан афсусдалигини ва жавоб чоралари кўришга тайёр эканини билдиришга улгурди. Ҳозирги вақтда Францияда Covid-19 билан касалланган беморлар сони ортмоқда, қаторасига ҳар куни ўртача 2 мингта янги ҳолатлар қайд этилмоқда.

Пайшанба куни охирига келиб Франция ҳукумати 2669та янги юқтириш ҳолати ва касалхоналарда беморлар сони ортаётгани ҳақида хабар берди.

Нидерландияда кунига 600га яқин янги шикастланиш ҳолатлари қайд этиляпти. Ҳукуматнинг изоҳлашича, касалланиш ҳолатларининг аксарият қисми (70 фоизгача) шахсий базмлар ва байрамлар билан боғлиқ.

Шунингдек, кўплаб ёшлар мамлакатда ҳали ҳам амалда бўлган чекловларга енгил кўз билан қарашяпти ва уларга деярли амал қилишмаяпти, деб таъкидлайди Нидерландия ҳукумати.

Британия транспорт вазири сўзларига кўра, ҳар 100 минг аҳолига 20 нафардан ортиқ янги бемор қайд этилаётган ҳар қандай давлат олдида карантин жорий этиш зарурияти кун тартибига чиқади. Ҳозирда Британиянинг ўзида бу кўрсаткич 18,5ни ташкил этяпти.

Англия касалхоналаридаги Covid-19 беморлари сони маҳаллий касалланиш ўчоқлари пайдо бўлганига қарамай, июнь ва июль ойларида қуйига шўнғиган.

Британия бўйлаб янги касалланиш ҳолатлариниинг умумий сонида июль ойи ўрталаридан бошлаб ўсиш қайд этилди. Касалланиш ҳолатларининг аксарияти ёшлар ўртасида кузатилмоқда ва уларнинг госпитализация қилинишига камроқ зарурат туғилади. Бундан ташқари, олимларнинг қайд этишича, янги ҳолатлар ортиши кўпроқ тестлар ўтказилиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Янги Зеландиянинг Оклендида карантин узайтирилди

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн яна 29та ҳолат қайд этилганидан сўнг Окленд шаҳридаги карантин 12 кунгача чўзилишини эълон қилди. Оклендда 12 август, чоршанба кунидан бошлаб тўртдан учинчи даражали хавф даражаси жорий қилинди, мамлакатнинг бошқа барча қисмларида иккинчи даражали хавф эълон қилинган.

Эпидемиологик хавфнинг учинчи даражаси кинотеатрлар, ресторанлар, музейлар, кутубхоналарни ёпишни назарда тутади. Аҳоли иложи борича уйдан ишлаши керак, болалар учун масофавий таълим кўриб чиқилади.

Янги Зеландияда бутун пандемия даврида Covid-19'нинг жиддий авж олиши кузатилмади, мамлакатда 102 кунлик муддат давомида аҳоли орасида бирорта ҳам касалланиш ҳолати қайд этилмади. Бироқ шу ҳафтада Окленд шаҳрида бир кун ичида бирданига 14 бемор аниқланди - улардан бири чет давлатдан келган.

Аввалроқ шаҳарда 3 кунлик карантин жорий этилиши эълон қилинганди. Оклендда 1,5 миллионга яқин киши яшайди.

КХДР Кэсондаги локдаунни бекор қилди

Шимолий Корея Кэсон шаҳридаги уч ҳафталик локдаун тамомланганини эълон қилди. Июль ойи охирида ҳукумат мамлакатдаги илк касалланиш ҳолати Жанубий Кореядан қайтган қочоқда кузатилгани ҳақида хабар берганидан сўнг чегарадаги ушбу шаҳарда қатъий карантин жорий этилганди.

КХДР дунёда биринчи бўлиб - январь ойидаёқ - эпидемия сабабли чегараларни ёпишини эълон қилганди. Мамлакатда карантин чоралари кўрилган. Расмийларнинг таъкидлашича, қочоқ ватанига қайтгунига қадар Шимолий Кореяда Covid-19 билан касалланиш билан боғлиқ бирорта ҳолат кузатилмаган. Бироқ мутахассислар бунга шабҳа билан қарашади.

Шу орада қўшни Жанубий Кореяда коронавирус инфекцияси юқтиришнинг 103та янги ҳолати қайд этилди, улардан фақат 18 нафари четдан келган. Бу Жанубий Кореяда 31 мартдан бери кузатилган кунлик шикастланишларнинг энг юқори кўрсаткичидир. Умумий ҳисобда пандемия бошидан буён мамлакатда 14 минг 873та ҳолат ва 305та ўлим қайд этилган.
 

Мавзуга оид