Жаҳон | 00:19 / 24.08.2020
6206
2 дақиқада ўқилади

Ҳавонинг ифлосланганлиги коронавирусдан ўлим хавфини ошириши маълум қилинди 

Фото: Reuters

Ифлосланган ҳаво коронавирусдан ўлим хавфини сезиларли ошириши мумкин. Британия миллий статистика хизмати мутахассислари пандемия вақтида қайд қилинган 46 мингта ўлим ҳолатини таҳлил қилиб шундай хулосага келишди.

Уларнинг таъкидлашича, ҳавонинг бир кубметрида қаттиқ зарраларнинг бир микрограммга ошиши коронавирусдан ўлим даражасининг 6 фоизга ошишига олиб келади. Уларнинг бу хулосалари бошқа давлатларда, жумладан АҚШ ва Нидерландияда ўтказилган тадқиқотлар билан тасдиқланади ва мегаполисларда кичиқрок шаҳарларга қараганда коронавирусдан ўлим ҳолатлари кўпроқ (фоиз ҳисобида) қайд қилинганини тушунтиради.

Британиялик олимларнинг тадқиқотида таъкидланишича, атмосферада азот диоксиди NO2’ миқдори кўпайиши ҳам ўлим даражаси ошишига олиб келади. Британия учун бу муҳим ҳолатдир, чунки ушбу мамлакатдаги шаҳарларда азот диоксиди даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрлардан кўпроқни ташкил қилади.

Ушбу икки омил коронавирусдан ўлим ҳолатлари шаҳарларнинг энг ифлосланган ҳудудларида яшовчи этник озчиликлар орасида энг кўп қайд қилинишининг сабаби ҳисобланади.

Экспертлар ушбу масалани ўрганишни давом эттиришмоқчи. Улар ўлимга олиб келган бошқа омилларни истисно қилиш учун барча вафот этган беморларнинг шахсий жиҳатларини ҳисобга олишлари лозим.

Бу орада Лейбористик партия депутатлари бу борада тайёрланган маъруза билан “қуролланиб”, коронавируснинг иккинчи тўлқини оқибатларини юмшатиш учун ҳукуматни ҳаво ифлосланлигига қарши тезкор чоралар қабул қилишга чақирмоқда. 

Мавзуга оид