Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида 2 мингдан ошиқ сунъий нафас бериш аппаратлари мавжуд. Умумий қиймати қарийб 2,6 миллион доллар бўлган 200та сунъий нафас бериш аппаратлари эса АҚШ томонидан бундан аввал етказиб берилган 6 миллион доллардан ортиқ кўмакнинг давоми бўлди.
«Ўзбекистон кўп йиллардан бери АҚШ, жумладан, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, тиббий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи тиббиёт ва даволаш муассасалари фаолиятини яхшилаш йўналишларидаги ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.
Мутахассисларимиз АҚШнинг етакчи клиникаларида амалиёт ўтаб келишмоқда. Биргина 2019 йилда 14 нафар мутахассис малака ошириб қайтишди. Мичиган, Сент-Луис, Шимолий Каролина университетлари профессор ва олимлари доимий тарзда юртимизга келиб, тажриба алмашишмоқда. Ушбу тақдим этилган аппаратларнинг афзаллиги фойдаланиш учун содда, кўп функционал ҳамда беморларни турли транспорт воситаларида ташиш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкин эканлигидир. Ушбу инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида коронавирус пандемиясини енгиш борасида олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми бўлди», дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Тақдим этилган сунъий нафас бериш аппаратлари Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмаси, ҳатто минтақавий иқлимни ҳам ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилгани, хусусиятларига кўра, ушбу қурилмалар стационар даволанишда интенсив терапия учун ҳам, аэротиббий транспортда ёки тез ёрдам машиналарида беморни ташиш пайтида ҳам қўлланиши қайд этилган.
«COVID-19 шароитида барча мамлакатлар глобал ҳамжамият сифатида ҳаракат қилиши лозим. Бу чегара билмас вирус барчамизга ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу боис, мамлакатимиз унга қарши курашишда зарур бўлган воситалар ҳамда техник кўмак тақдим этиш орқали Ўзбекистон ва бошқа давлатларни қўллаб-қувватламоқда. Америка хусусий сектори билан ҳамкорликда етказиб берилган бу сунъий нафас бериш ускуналари Ўзбекистонда оғир касалларни даволаш имкониятини янада мустаҳкамлайди», деган АҚШ элчиси.

Тадбирда Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлардаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бораётгани таъкидланган.

















