Жаҳон | 00:30 / 03.09.2020
45700
7 дақиқада ўқилади

Навальнийнинг заҳарланиши: Россия энди қандай йўл тутади?

Германия ҳукуматининг Навальний «Новичок» кимёвий моддаси орқали заҳарлангани ҳақидаги баёнотидан кейин Германия канцлери Ангела Меркель Россиядан ҳодиса бўйича текширув ўтказишни талаб қилди. BBC’нинг рус хизмати Ғарб давлатлари энди Россияга қандай муносабатда бўлиши ва Кремль қандай позицияни эгаллаши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Фото: Getty Images

Россиялик мухолиф сиёсатчи, Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навалний 20 августдан буён кома ҳолатида. Комадаги дастлабки икки кунни сиёсатчи Россиянинг Омск шаҳридаги клиникада ўтказди, шундан сўнг у Берлинга олиб кетилди. Сиёсатчининг сафдошлари ҳодисанинг бошидан буён унинг заҳарланганини айтиб келишди. Улар россиялик шифокорлар сиёсатчининг организмида заҳар изини топиш қийин бўлиши учун уни атайлаб клиникада ушлаб тургани ва кетишига рухсат бермаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишганди.

«Шарите» клиникаси шифокорлари Навалний етиб келганидан кейин икки кун ўтиб, 23 август куни унинг холинестераза ингибиторлари гуруҳидан бўлган модда билан заҳарланганини маълум қилди.

Россиялик шифокорлар Навалнийнинг Россияда олинган таҳлиллари унинг организмида қандайдир заҳар борлигини аниқламагани маълум қилган. Россия Бош прокуратураси текширув ўтказиб, ҳодиса муносабати билан жиноий иш очишга асос мавжуд эмас деб топган.

2 сентябрь куни Германия ҳукумати Қуролли кучлар лабораторияси хулосаларига асосланиб, Алексей Навалний Россияда асаб тизимини фалаж қилувчи, таркиби жиҳатдан «Новичок» моддасига ўхшаш жанговар модда билан заҳарланганини маълум қилди.

Москва токсикологик экспертиза натижаларини олмаганлигини билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Навальний Берлиндаги клиникага олиб кетилгунига қадар унинг организмида заҳарли моддалар аниқланмаганини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркель мухолифатчининг заҳарланиши бўйича Москвадан изоҳ талаб қилди.

Фото: Markus Schreiber / Pool / AFP / Scanpix / LETA

У Навальний «Новичок» гуруҳига мансуб заҳарловчи моддадан фойдаланилган ҳолда амалга оширилган ҳужум қурбони бўлганини, экспертиза натижалари бунга ҳеч қандай шубҳа қолдирмаслигини таъкидлади.

«Шу тарзда, Алексей Навальний жиноят қурбони бўлгани кўриниб турибди. Уни жим юришга мажбур қилмоқчи бўлишган. Буни бутун федерал ҳукумат номидан қоралайман», — деди Меркель.

Унинг сўзларига кўра, Навальнийнинг заҳарланиши муносабати билан фақат Москвадагилар жавоб бериши мумкин бўлган мураккаб саволлар туғилган. Меркель жавобларни бутун дунё кутишини таъкидлади. 

Россияни қандай оқибатлар кутмоқда?
Экспертлар Скрипаль ва Навальнийнинг вазиятлари турлича эканига эътибор қаратишмоқда: ўшанда Скрипалларнинг заҳарланиши Буюк Британия ҳудудида содир бўлганди, ҳозир эса - Россия ҳудудида. «Европа билан зиддият даражаси нисбатан пастроқ бўлади», - деб ҳисоблайди R.Politik таҳлил компанияси раҳбари Татьяна Становая: бу сафар Россияни бегона ҳудудда жанговар кимёвий қурол ишлатишда айблаб бўлмайди.

«Гап Россиядаги мухолифат етакчиларидан бирининг ҳаётига суиқасд қилинганида эмас, балки кимёвий қуролдан фойдаланишга тақиқнинг бузилиши ҳақида кетмоқда. Бу чиндан жуда жиддий воқеа», дея эътироз билдиради политолог Евгений Минченко. Экспертнинг ҳисоблашича, сўнгги йилларда икки марта «Новичок» қўллангани кумулятив эффект (дори ёки заҳарли моддаларнинг организмда тўпланиб кучли таъсир кўрсатиши) беради.

«Халқаро масалалар бўйича Россия кенгаши» нотижорат шериклиги бош директори Андрей Кортуновнинг тахмин қилишича, Россияга кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилотдан инспекция келиши мумкин ва бу ягона оқибат эмас.

«Агар бу инқироз тезда бартараф этилмаса, Ғарб билан муносабатларда қўйилган қадамларни ортга қайтаради. Шу кунларда Москвага Макрон келиши кутилаётганди. Энди у келиш-келмаслиги номаълум. Донбассдаги вазият барқарорлаши бўйича умидлар пайдо бўлганди, сентябрда Норманд тўртлиги саммити ўтказилиши керак эди. Энди булар бўладими. Даргумон», дейди Кортунов.

Сиёсий технологиялар маркази вице-президенти Андрей Макаркин эса Россияга қарши санкциялар ва бошқа оқибатларни тўхтатиб турувчи омиллар ҳақида гапирган.

«Ғарбда совуқ урушдан қолган иккита тезис бор. Биринчи тезис - бурчакка қисиб қўйишга ҳожат йўқ, чунки Россияда ғарбга қарши кучлар устунлик қилади ва мамлакат қандай йўл тутишини олдиндан билиб бўлмайди, ҳозирда кўп масалалар, масалан, Сурия бўйича масала Россиянинг иштирокисиз ҳал бўлмайди», - деган у.

Экспертчининг айтишича, иккинчи тезис шундаки, сиёсат ва иқтисодиётга алоҳида қараш керак. У Россия Афғонистонга қўшин киритганида АҚШ президенти Рональд Рейган советлар газига қарам бўлган Европа давлатларини санкцияларга қўшилишга ундашда қийналганини эслатган.

«Россия якканалиб қолмаган. Ҳатто большевикларни ҳам яккалаб қўйишнинг имкони бўлмаган», - деган Макаркин. У Германия ҳукуматининг 'Новичок' ҳақидаги баёнотидан олдин Ангела Меркель Навальний билан боғлиқ вазият «Шимолий оқим - 2» қувури лойиҳасига таъсир кўрсатмаслиги ва қувур охиригача қурилишини таъкидлаганини қайд этган.

Москва қандай муносабатда бўлади?
Москва учун асосий муаммо - синчковлик билан текширув ўтказиш талабига қандай жавоб беришни ҳал қилишда, деб ҳисоблайди Татьяна Становая.

«Москвадагилар модда топилмаслигига умид қилишган. Модда бўлмаса, заҳарланиш ҳам бўлмайди. Энди эса Москва барчага яхши маълум бўлган ўйинни ўйнамоқчи - далиллар сўралади. Улар жараённи чўзиб, Германиядан таҳлил натижаларини тақдим этишни талаб қилишади ва бу турли спекуляциялар учун майдон очади. Айтиш мумкинки, маълумотлар шубҳали ва етарли эмас деб ҳисобланади», дейди эксперт. У Россия Навальний ишида тўғридан тўғри жавобгар бўлишдан қочиш учун барча ишни қилишини таъкидлаган.

«Россия томони учун бу воқеани текшириш ва маълумотлар шаффофлигини таъминлаш жуда муҳим. «Барчаси ёлғон» деб қатъий ҳимояланиш наф бермаслиги тайин», деб ҳисоблайди Минченко.

Россия Ғарбнинг айбловларига бефарқлик билан қарашга одатланган, дея қайд этади Андрей Кортунов. «Аммо ҳозир Россия ахборий урушда енгиб чиқиши деярли иложсиз. Омскда бошқача гап айтишаётган бўлишсада, жаҳон ҳамжамияти немисларнинг версиясини қабул қилишади», дейди у.

Татьяна Становаянинг Владимир Путин очиқ текширув ўтказилишига рухсат беришига кўзи етмаяпти. Шу билан бирга, нима бўлгани Путин учун ҳам қизиқлигини қўшимча қилади. «Фараз қилайлик, бунинг ортида қандайдир жиноий элементлар - Путинга яқин дўст бўлмаган, қандайдир юқори лавозимли шахслар турибди. Бундай ҳолатда «Новичок» билан заҳарлаш ҳодисаси унинг ҳокимиятининг салоҳияти, бундай хавфли моддалар хавфсизлиги масалаларида саволлар пайдо қилади. Шундай экан, Путиннинг ўзи нима бўлганини билишга қизиқади, албатта, агар бу Путиннинг ўзи бўлмаса», деган у.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид