Ўзбекистон | 12:57 / 07.09.2020
5500
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши кутиляпти

Мамлакатда ёки минтақада фавқулодда ҳолат ёки карантин чоралари эълон қилинганда ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш шартлари белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари томонидан Меҳнат кодексига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Парламент сайтида ёзилишича, амалдаги Меҳнат кодекси замонавий талаблар ва ривожланиш темпига мос келмайдиган жиҳатлар бор. Қонунда фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олинмаган, иш берувчиларни, хусусан, қўшимча одамларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитларни яратиш масаласи киритилмаган. Бугунги кунда маҳсулот, товарлар ва хизматлар учун мавсумий талабнинг ошиб бориши янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини қабул қилиш заруратини туғдирмоқда.

Депутатлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси лойиҳасини қабул қилиш учун асослар ва ундан кутилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормаларни ўз ичига олади.

Унда иш берувчи субъектлар сифатида мулкий ва идоравий мансублигидан қатъи назар ташкилотлар, ёллаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ҳамда жисмоний шахслар белгиланмоқда. Мазкур қоида ишчи ўринларининг кўпайишига, норасмий секторда фаолият олиб борувчи шахсларнинг қисқаришига ҳамда уларнинг ҳуқуқлари доимий равишда ҳимоя қилинишига олиб келади. 

Шу билан бирга, ҳужжатда меҳнат шартномасини тузиш билан боғлиқ айрим муносабатлар такомиллаштирилмоқда. Жумладан, ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга аниқлик киритилиб, ишга қабул қилишда дастлабки синов белгиланмайдиган шахс тоифалари кенгайтириляпти. Мамлакатда ёки минтақада фавқулодда ҳолат ёки карантин чоралари эълон қилинганда ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш шартлари белгиланмоқда.

Мавзуга оид