Ўзбекистон | 11:24 / 07.09.2020
30601
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон коронавирусга қарши Россия вакциналарини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда

Ўзбекистон коронавирусга қарши Россия вакциналарини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда ва парвозларни тиклаш масаласини ўрганиб, чет элдаги эпидемиологик вазиятни кузатмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ва соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев «Коммерсантъ» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: RDIF / HANDOUT

Унинг сўзларига кўра, коронавирус инфекциясига қарши курашда ёки жамоавий иммунитет, ёки эмлаш лозим бўлади. 

«Шунинг учун, албатта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳукумат эмлаш масаласи устида ишламоқда.

Бошқа бир қатор давлатлар, шу жумладан Хитой бизга у ёки бу вакцинанинг клиник синовлари учинчи босқичида иштирок этиш таклифи билан мурожаат қилди. Ҳозирда ҳамкасблар учинчи босқичда иштирок этиш ёки барча синовлар муваффақиятли якунлангандан сўнг вакцинани сотиб олиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишмоқда.

Шунингдек, биз Россия вакцинасини кўриб чиқмоқдамиз. Биламизки, у Россияда рўйхатдан ўтказилди ҳамда клиник синовларнинг учинчи босқичидадир.

Биз аҳолини эмлаш учун препаратларни ўз вақтида сотиб олишга тайёрмиз, эмлашнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги катта аҳамиятга эга», - деди у.

Баҳодир Юсупалиевнинг айтишича, Россия вакцинаси бўйича мутахассислар ва ҳукумат даражасидаги муҳокамалар жараёни давом этмоқда. Икки ҳафтадан сўнг қарор қабул қилиниши мумкин.

«Ҳозирда ҳукумат вакцина сотиб олишга маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда», - деди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори.

Мавзуга оид