Ўзбекистон | 13:03 / 09.09.2020
15261
3 дақиқада ўқилади

Ишхонада коронавирусдан ўлим ҳолати бўлса, раҳбарга нисбатан қандай чора қўлланилади? – мутахассис изоҳи

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида АОКАда брифинг ўтказилди.

Унда ишхонада коронавирусдан ўлим ҳолати бўлса, раҳбарга нисбатан қандай чора қўлланилади, дея берилган саволга жавоб қайтарилди.

“Бундай ҳолатларда, агар корхона томонидан санитария қоидалари таъминланмаган, деб гумон қилинса, расмий мурожаат этилиши керак.

ССВ вилоят ёки туман миқёсида шу ҳолатни тўлиқ ўрганувчи ишчи гуруҳ ташкил этилади. Ишчи гуруҳ томонидан чуқур эпидемиологик кузатув олиб борилади ва барча томондан касаллик келтириб чиқарилишига сабаб бўлган омиллар таҳлили олиб борилади.

Агарда корхонада санитария эпидемиологик меъёрлар ва қоидалар талаб даражасида ташкил этилмагани ва уларга риоя этилмагани тасдиқланса, албатта бу ҳолат қонун доирасида ечим топади”, - деди Севара Убайдуллаева.

Шунингдек, хориждан қайтган Ўзбекистон фуқароларида ПЗР таҳлил натижаси манфий бўлса, карантинда неча кун сақланиши бўйича ҳам маълумот берилди.

“Мамлакатимиздаги қоидаларга кўра бошқа давлатдан келган фуқаролар қайтган мамлакатларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб стационар ёки ўз танловига кўра меҳмонхоналарда карантин чора-тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда 7,10 ва 14 кун мутахассислар назоратида бўлишади.

Агар карантинга олинган даврида шамоллаш аломатлари кузатилмаса, карантин сўнггида қайта тест топширишади. Вирус аниқланганда даволашга йўналтирилади, манфий натижада эса уйга кетишларига рухсат берилади”, - деди штаб аъзоси.

Севара Убайдуллаева хориждан қайтиб келишда экспресс усулда топширилган тест натижаси инобатга олинадими, дея йўлланган саволга ҳам жавоб берди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари" парвозларида ПЗР усулида олинган таҳлил натижаларини тақдим этиш зарур. Экспресс усулда топширилган тест натижалари ишончли бўлмаслиги мумкин, чунки бу таҳлилда фақат вирус бор-йўқлиги аниқланади. Бу эса кейин вирус юкламаси миқдорини таҳлил қилиш учун ПЗР текшируви ўтказишни талаб қилади.Баъзида экспресс тестлар ёлғон мусбат натижани кўрсатиши мумкин. Бундай вазиятларда ПЗР текшируви муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда ПЗР усули натижасини тақдим этиш талаб этилади”, - деди у.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид